Полиартрит

Полиартрит [поли… ва артрит] – бир неча бўғимларнинг бир вақтда ёки кетма-кет яллиғланиши. Мустақил касаллик (инфекцион носпецифик – ревматоид полиартрит) тарзида пайдо бўлади, шунингдек, ревматизм, сепсис, подагра, баъзан бруцеллёз, сил, захм каби юқумли касалликлар оқибатида рўй беради. Касалликнинг турига, организмнинг реакциясига, жараённинг оғир-енгиллигига кўра, зардобли, йирингли, некротик полиартрит фарқ қилинади. Ўткир ва сурункали бўлади.

Ўткир полиартрит 2 га бўлинади: ревматик П. – бунда бўғимларнинг яллиғланиши, кўпинча, зардобли, фибринли бўлиб, яллиғланиш бир бўғимдан иккинчи бўғимга ўтади ва майда бўғимларга тарқалади; эпидемик П. – бунда бемор иситмалайди, қувватсизланади, бўғимлар оғрийди, шишади, териси қизаради, оёқ-қўл бармоқларига сув чечакдагига ўхшаш тоифалар тошади, ҳаракати чегараланади.

Сурункали касалликка организмда моддалар алмашинувининг бузилиши, ички секреция безлари фаолиятининг ўзгариши, мушакларнинг яллиғланиши сабаб бўлади. Полиартритга сабаб бўлган асосий касаллик даволанади, антибиотиклар, антигистамин препаратлар берилади, оғриқ қолдирувчи воситалар ва физиотерапия қўлланади (яна қ. Артрит).

Загрузка...