Артрит

Артрит [юн. arthron – бўғим, itis – яллиғланиш] – бўгимларнинг яллиғланиши. Асосий касаллик (масалан, спондилоартрит) ёки бошқа касаллик (масалан, ревматизм) белгиси бўлиши мумкин: бир (моноартрит) ёки бир неча бўғим (полиартрит) зарарланади. Инфекция (тиф, паратиф, сил, бруцеллёз ва бошқа(лар)), моддалар алмашинувининг бузилиши (масалан подаграаа), лат ёйиш, сурункали касалликлар (муртак безлари, ўрта қулоқ, бурун ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши, касалланган тишлар) ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Интоксикация (заҳарланиш), совқотиш, одам организмида микробларга қаршилик кўрсатиш қобилиятининг сусайиши натижасида ҳам артрит рўй беради. Ўткир, сурункали, аллергик, юқумли, ревматик (полиартрит), экссдатли ва бошқа(лар) артрит фарқ қилинади. Артритда бўғимлар оғрийди, қизариб шишади, шакли ўзгаради ва ҳаракати чекланади; яллиғланган бўғим соҳасида суюқлик (экссудат) йиғилади. Бемор дармонсизланади, ҳарорати кўтарилади. Касаллик энди бошланаётганда даво (дори-дармон, даво физкультураси, массаж) қилинса, бемор тезда соғайиб кетади.

[addtoany]