Профилактика

Профилактика [юн. profilaktikos – сақловчи, олдини олувчи] – одамларнинг узоқ умр кўриши, ишлаш қобилиятини сақлаб қолиши, аҳолининг жисмоний ривожланишини яхшилаш, касалликларнинг юзага келиши ва таркалишини олдини олиш ҳамда саломатлиги ҳимоя қилишга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, гигиеник ва тиббий чора-тадбирлар мажмуи. Профилактика жамоат ташкилотлари ва алоҳида фуқаролар томонидан амалга оширилади.

Профилактика тушунчаси ва унинг амалий шакли жамиятнинг тарихий тараққиёти даврида иқтисод, давлат тузуми ва илм-фаннинг ривожланишига қараб ўзгариб турган. Профилактика қадим замондан маълум. Қад. тиббиётда шахсий гигиена ва тўлтўкис овқатланиш қоидаларига амал қилиш билан касалликларнинг олдини олишга катта аҳамият берилган, лекин профилактика 19-а. дан бошлаб илмий жиҳатдан асослаб берилди. Касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқапишида ташқи муҳитнинг аҳамиятини ўрганиш, микробиология, физиология, иммунология ва гигиена соҳасида қўлга киритилган ютуқлар илмий профилактиканинг ташкил топишига имкон берди.

Замонавий профилактика инсон саломатлигига салбий таъсир этадиган омилларни йўқотишни кўзда тутадиган ҳамда уларнинг жисмоний ва маънавий иродаларини ҳар томонлама ўстиришни таъминлайдиган, давлат ва жамоат аҳамиятига эга бўлган комплекс тадбирлар тизимини ўз ичига олади.

Шахсий, жамоат, тиббий профилактика фарқланади. Шахсий профилактикага инсоннинг ўз соғлигини сақлаши ва мустаҳкамлашига қаратилган чоралар, яъни соғлом турмуш тарзига амал қилиш, шахсий гигиена, никоҳ ва оила, шунингдек, кийим-кчак, овқатланиш гигиенаси, ўсиб келаётган авлодни гигиеник тарбиялаш, рационал ишлаш ва дам олиш, фаол жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш киради.

Жамоат профилактика сига жамоат ташкилотлари томонидан фуқароларни жисмоний ва маънавий ривожлантиришни таъминловчи, халқ соғлиғига ёмон таъсир қилувчи омилларни камайтиришга қаратилган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, қонуний, тарбиявий, санитар-техник, санитар-гигиеник, эпидемиологик ва тиббий чора-тадбирлар киради.

Тиббий профилактика бирламчи ва иккиламчи бўлади. Бирламчи тиббий профилактика касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва ривожланишига қарши қаратилган ижтимоий, тиббий, гигиеник ва тарбиявий чоралар; ташқи муҳитнинг номақбул таъсирига организмнинг чидамлилигини ошириш; организмнинг соғлом ҳолатини сақлаб қолиш, унга патологик таъсир кўрсатувчи омилларнинг олдини олиш; диспансеризация ўтказиш ва юқумли касалликларга қарши айланадан иборат. Иккиламчи тиббий профилактика касалликларни эрта аниқлаш, патологик жараённинг ривожланиши, унинг асоратлари ва қайталнишларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг инсонларнинг соғлом турмуш тарзини яхшилашга, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, спортнинг оммалашуви ва профилактик тиббиётни ривожлантиришга қаратилган қонунлар, дастурлар қабул қилинди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тадбирлари она ва болалар касалликлари ва ўлимининг кескин камайишига, чилла даври касалликларининг олдини олишга, соғлом авлод яратилишига ёрдам бермоқда. Ҳоз. олдинги поликлиникалар ва шифохоналар ўрнига оилавий поликлиника ва «Оналар ва болалар» марказлари ташкил этилди. Тиббиёт ин-тларда оилавий шифокорлар тайёрлаш дастурига ўтилди. Туғруқхоналар ўрнини перинатал марказлар эгаллади.

21-а. бошида Ўзбекистонда Республика «Саломатлик» ин-ти, вилоятларда унинг филаллари очилди.

[addtoany]