Психотерапия

Психотерапия [психо… ва терапия] – руҳий касал беморларни даволаш мақсадида сўз, хушмуомала билан ҳамда қулай шароит яратиш орқали улар онгига психик таъсир этиш. Умумий ва хусусий (ёки махсус) психотерапия фарқланади. Умумий психотерапия бу шифокорнинг бемор билан бўлган мулокотлари жараёни, бунда турли руҳий таъсиротлар бемор шахсига, унинг тузалишига ишонч ҳосил қилиш, уни тинчлантиришга тиббий ходимларнинг (врачлар) нотўғри ҳаракатлари туфайли пайдо бўладиган ҳолатларни (ятрогения) олдини олишга қаратилади. Бу барча даволаш чоралари ичида ёрдамчи тадбир ҳисобланади.

Хусусий психотерапиянинг тушунтириш, суҳбат ўтказиш, ишонтириш (бедорлик ва гипноз ҳолатларида), ўз-ўзини ишонтириш (аутоген машқ) ва бошқа(лар) хиллари бор. Психотерапияда асосий қурол сўз ҳисобланади. Сўзнинг қудрати, унинг шифобахш таъсири қадим замонлардан маълум. И.П. Палов сўзнинг олий нерв фаолиятида қудратли қўзғатувчи таъсир эканини илмий жиҳатдан асослаб берди. Гипноз вақтида психотерапевнинг сўзи бош мия пўстлоқ қисмининг маълум бир ерида кучли қўзғалиш ўчоғини вужудга келтиради ва бу турлича ифодаланган тормозланиш ҳолатига олиб келади. Бемор билан врач ўртасида олиб бориладиган тушунтириш суҳбати психотерапиянинг етакчи усули бўлиб у тўғри олиб борилганда ҳар қандай бемор ҳам тинчланади, ҳам дарди енгиллашади.

Ишонтириш усули энг кенг тарқалган. Муҳими беморни ишонтириш, суҳбат оқилона ва мулоҳаза билан олиб борилиши лозим. Тушунтириш ва ишонтириш, одатда, биргаликда олиб борилади. Бунда шифокор билан бемор ўртасида ўрнатилган муносабат муҳим ўрин тутади. Таъсир қилиш ва ўз-ўзига таъсир этиш психотерапиянинг муҳим усулларидан ҳисобланади. Бедорлик ҳолатида таъсир этишдан мақсад у ёки бу касаллик ҳолатини бартараф этишгина эмас, балки беморни бу ҳолатдан тузалиб кетишига ишонтириш ва бунда ўз организмининг кучига ишончини мустаҳкамлашдан иборат. Айрим психотерапевтлар руҳий таъсир этишни ухлтадиган воситалар (дорилар)дан фойдаланиб бажарадилар. Гипноз психотерапиянинг кўп қўлланадиган усулидир.

Психотерапия неврастения ва бошқа(лар) шунга ўхшаш ҳолатларда, жумладан, жинсий ожизликда (импотеция), миядан кетмайдиган ҳолатлар неврозида, истерик неврозида, психопатияларда, алкоголизм ва наркоманияларда кенг қўлланади.

[addtoany]