Пульс

Пульс [лот. pulsus – туртки] – томир уриши. Юрак қисқариши натижасида қон томирларининг ритмик тебраниши; кенгайиб, торайиши. Артериал-веноз ва капилляр пульс тафовут этилади. Одатда, билак артерияси пульси энг катта амалий аҳамиятга эга.

Соғлом кишиларда пульснинг тезлиги юрак қисқариши тезлигига мос бўлиб, бир мин. да 60-80 марта томир уришига тенг. Юракнинг бир мин. да 90 мартадан ортиқ қисқариши тахикардия, 60 мартадан кам қисқариши – брадикардия деб аталади. Юракнинг баъзи касалликларида пульс юрак қисқариши тезлигидан кам бўлиши мумкин – П. дефицити. Томи уриши болаларда катталарга нисбатан ортиқроқ, қиз болаларда ўғил болаларга нисбатан бирмунча ортиқроқ, тунда кундузига нисбатан камроқ бўлади.

Жисмоний меҳнат қилганда, нерв-эмоцинал реакцияларда томир уриши ортади.

Нормал ҳолатда томи уриши ритмик (бир текис), яъни томир уриши тўлқинлари маълум вақт оралиғида содир бўлади. Юрак ритмининг бузилиши аритмия деб аталади (қ. Юрак-томир тизими), бунда П. тўлқинлари бир хил вақт оралиғида нотекис бўлади. Пульснинг таранглиги артериал қон босимига боғлик, гипертонияда ғоятда кучаяди, гипотония ва юрак касалликларида бўшашади. Томир уришининг тўлиқ ёки тўлиқ эмаслиги юрак қисқариши кучига боғлиқ. Унинг бошқа ўзига хос кўпгина хусусиятларини билиш шифокорга беморнинг аҳволи ҳақида маълумот беради.

[addtoany]