Қобилият – инсоннинг шахсий салоҳияти, имкониятлари. Қобилият билимдан кескин фарқланади, билим мутолаа натижаси ҳисобланади, Қ. шахснинг психологик ва физиологик тузилишининг хусусияти саналади. Қобилият кўникма, малакадан фарқ қилади. Аксарият илмий манбаларда моҳирлик билан Қ. айнанлаштирилади. Қобилият инсон томонидан кўникма ва малакаларнинг эгалланиши жараёнида такомиллашиб боради. Ҳар қандай Қ. тури шахсга тегишли мураккаб психологик тушунчадан ташкил топган бўлиб, у фаолиятнинг талабларига мутаносиб хусусиятлар тизимини ўз ичига олади. Шу боис Қ. деганда бирорта хусусиятнинг ўзини эмас, балки шахс фаолиятининг талабларига жавоб бера оладиган ва шу фаолиятда юқори кўрсаткичлари эришишни таъминлашга имконият берадиган хусусиятлар синтезини тушунмоқ лозим. Барча Қ. учун таянч хусусият – кузатучанликда, яъни инсонни фаҳмлаш, объектдан у ёки бу аломатларни кўра билиш, ажрата олиш кўникмасидир. Қобилиятнинг етакчи хусусиятларидан бири – нарса ва ҳодисалар моҳиятини ижодий тасаввур қилишдир. У шахснинг шаклланиши ва ривожланиши натижаси бўлиши билан бирга, табиий манбага ҳам эга. Бу табиий манба, кўпинча, зеҳн тушунчаси билан юритилади. Зеҳн муайян бир фаолиятга ёки кўпгина нарсаларга нисбатан ортиқча қизиқувчанликда, мойиллида, интилишда намоён бўлади. Зеҳн нишоналри деганда Қ. ички имкониятларининг табиий асосини тушуниш лозим. У иштиёқ, мойиллик, меҳнатсеварлик, ишчанлик, талабчанлик кбиларнинг маҳсулидир. Қобилият умумий ва махсус туркумларга ажратилади. Умумий Қ. деганда юксак ақлий имконият ва тараққиёт тушунилади. Қобилият табиий равишда шаклланиши ва муайян режа асосида ривожлантирилиши мумкин. Қобилиятни маълум фаолиятга мойиллик ёки интилиш орқали, табиий зеҳн нишоналарини аниқлаш, мутахассис раҳбарлигида узлуксиз фаолиятга жалб этиш, Қ. ни такомиллаштиришнинг махсус воситаларини қўллаш, шахснинг фаоллик аломатларини максимал даражада ривожлантириш, инсон шахсига алоҳида ёндашувни умумий талаблар билан уйғунликда олиб бориш ва бошқа(лар) орқали ривожлантириш йўллари мавжуд. Қобилиятнинг юқори даражаси истеъдод ва даҳоликда намоён бўлади.
[addtoany]