Қабзият

Қабзият [араб. – туғилиш, қисилиш, кетиш], ич кетиши – узоқ вақт (2 суткагча) ич келмаслиги ёки қийинлик билан келиши; нотўғри овқатланиш, нерв-бошқариш фаолиятининг бузилиши, ичак касалликлари ва бошқа(лар)да кузатилади. Қабзият касаллик белгиси, баъзан эса мустақил касаллик ҳисобланади. Яшаш шароити ўзгартирилганда, сафарга чиққанда ҳам баъзан қабзият рўй бериши мумкин.

Ичакнинг турли қисмлари ўсма, бавосил тутуни билан торайиб қолганда, тўғри ичакда ахлат йиғилганда («ахлат тоши») ҳам ич қотади (механик қабзият). Қабзиятнинг атоник ва спастик (функционал) хили ҳам бор. Организмнинг умумий тонуси сусайганда, юқумли касаллик билан оғриб, узоқ вақт ётиб қолганда, одамнинг қони камайиб, озиб кетганда, деярли қолдиқ чиқармаш яхши ҳазм бўладиган енгил овқат (қанд, сутли овқат, тухум, гўшт) истеъмол қилинганда атоник қабзият пайдо бўлади. Ақлий меҳнат билан шуғулланиб, кам ҳаракат қилганда, овқатланиш тартиби бузилганда атоник қабзият, кўпинча, одат тусига кириб қолади. Ични бўшатиш эҳтиёжи туғилганда бўшанмасдан, истак кайтра берилганда ҳам қабзият кузатилади. Ҳадеб клизма қилиш ва сурги дорилар ичавериш атоник қабзиятга сабаб бўлади.

Ичакнинг айлана мушаклари узоқ тортишиб қолганда (спазм) спастик Қ. рўй беради. Вегетатив нерв тизимининг ўта таъсирланиши (руҳий кечинмалар ва бошқа(лар)) спазмга сабаб бўлади. Қўрғошин, анилин бўёғи, никотин (чекиш)дан сурункали заҳарланиш натижасида пайдо бўладиган Қ. хам спас-тик Қ. га киради.

Қабзиятда қорин оғир туюлади, тирсиллаб туради, мижғиб оғрийди, иштаҳа бўғилади, оғиз бемаза бўлади, бош оғрийди, кўнгил ғаш бўлиб, иш қобилияти пасаяди.

Давоси; Қ. сабабига қараб олиб борилади. Атоник Қ. да кўп ҳаракат қилиш, сут ва ўсимлик маҳсулотларидан тайёрланган овқат, сабзавот, ҳўл мева, сут, қатиқ тавсия этилади. Одат тусига кириб қолган Қ. да ичакни бўшатиш шартли рефлекси вужудга келтирилади; ҳар куни эрталаб маълум вақтда ичакни бўшатишга ҳаракат қилинади. Наҳорга бир стакан совуқ сув ёки мева шарбати, қатиқ ичиш шартли рефлекс вужудга келтиришга ёрдам беради. Касалликнинг олдини олиш учун ҳар куни эрта билан бадан тарбия қилиш (қорин мушаклари машқи), умуман организмни чиниқтириш, кун тартибини тўғри ташкил қилиш, витаминларга бой овқатлар ёйиш керак.

[addtoany]