Қавариш – турли механик таъсирлар натижасида баданнинг бирор соҳаси терисига шикаст етиши. Кўпинча, оёқ бармоқлари ва товон каваради. Оёқ терлаши, пойабзални нотўғри танлаш, тери парваришига риоя қилмаслик ва бошқалар қаваришга сабаб бўлади. Қавариш қўл кафтида (ер чопганда ва бошқа(лар) хил жисмоний меҳнат қилганда), қўлтиқ ости ва бўйнида (қаттиқ ёқали, крамалланган, чоклари нотекис ич кийим кийиш оқибатида) ҳам учраши мумкин. Қаварган жой ачишиб оғрийди, доим намланиб туради, териси шилиниб қизаради, бироз шишади, сўнгра ичида суюқлик тўла пуфакча (сувли қадоқ) ҳосил бўлади, кейинчалик пуфакча ёрилиб, юза ярага айланади; шу жой териси сувланиб туради. Қаварган жойни калий перманганатнинг нимранг эритмаси билан ювиш ёки ванна қилиш, сўнгра авайлаб артиш; пуфакчалар пайдо бўлса, бриллиант яшили ёки метилен кўки суртиб, стерил боғлов қўйиш зарур. Қаварган жой катта бўлса ёки у йиринг бошласа, дарҳол шифокорга учрашиш лозим. Агар қаваришнинг олди олинмаса, тери ичига микроблар ўтиб, терининг йирингли касалликлари юзага келиши мумкин. Қаваришнинг олдини олишда оёққа мос пойабзал танлаш, кўп терлашни даволаш, ич кийимларни тез-тез алмаштириб туриш, терини тўғри парвариш қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Жисмоний иш қилганда (хаскаш, бел, кетмон билан ишлаганда) қўлқоп кийиб олиш керак.
[addtoany]