Қорин пардаси

Қорин пардаси – одам ва ҳайвонлар қорин бўшлиғи деворларини ички томондан қолаб, унинг ичидаги аъзоларни ўраб турадиган юпқа сероз парда. Қорин пардасининг ташқи қавати мзотелийдан ҳосил бўлиб, бириктирувчи толали тўқима эса унинг асосини ташкил этади. Қорин пардаси ички аъзоларни ўраб турувчи висцерал варақ ва қорин деворини ўраб турувчи париетал варақдан иборат. Нормал ҳолатда варақлар ўртасидаги бўшликда сероз суюқлик бўлади. Қорин пардаси шу суюқлик билан намланиб тургани учун қорин бўшлиғидаги аъзолар бир-бири билан ишқаламайди. Унинг ташқи бўшлиғида ёғ тўқималари, буйрак, буйрак усти бези ва сийдик йўли жойлашган. Қорин пардаси бу аъзоларни фақат олдинги юзасинигина қоплаб туради. Ички аъзолар Қ. п. билан ҳар томонлама (интраперитонеал), учала томондан (мезоперитонеал) ёки бир томонлама (экс-траперитонеал) ўралиши мумкин. Қорин пардаси ичаклар учун тутқичлар ҳосил қилади; улар оралиғида ёғ тўқималари, лимфа тугулари ва қон Томирлар жойлашган. Бу парда қорин бўшлиғидаги аъзолар олдида ёғ қатлами – чарви ни ҳосил қилади. Қорин пардаси ҳужайралари ҳимоя хусусиятига эга бўлиб, улар баъзи касалликлар (аппендицит, меъда ярасининг ёрилиб кетиши ва бошқа(лар)) да ҳамда операцияларда қорин бўшлигига тушган микробларни нобуд қилади. Шикастлнишларда, айрим операциялар (масалан, аппендицит) кечиктирилганда Қ. п. нинг яллиғланиши – перитонит кузатилади.

[addtoany]