Қўрқув

Қўрқув – инсондаги руҳий ҳолатлардан бири; нарса ва ҳодисаларнинг асл моҳияти, кўриниши тўғрисида аниқ тасаввурнинг йўқлиги туфайли безовталаниш, ҳадиксираш, ташвишланиш кечинмаларининг юзага келиши. Қўрқув, кўпинча, одамларда юрак уришининг ортиши, баданнинг тер билан копланишида ўз ифодасини топади. Қўрқув инсонларда тасодифий, фавқулоддаги вазиятларда, невротик ҳолатларда, руҳий шикастланишда учраб туради. Қўрқувдан одам ўзини нохуш, ноқулай ҳис этса-да, лекин, кўпинча, ўзини ўзи назорат қила олмайди. Онгсизликнинг онглиликдан устунлиги шундай ҳолатни келтириб чиқаради. Чуқур ҳажонланиш оқибатида киши руҳан қаттиқ азобланади. Психологияда қўрқувнинг ҳар хил турлари ўрганилган. Қўрқувнинг асосий кўринишлари: касал бўлиб қолишдан қўрқиш, кўпчиликдан изза бўлишдан қўрқиш, қизаришдан қўрқиш, уйда ёлғиз қолишдан қўрқиш, транспорт воситаларидан қўрқиш, шифокордан қўрқиш, низодан қўрқиш, мозордан қўрқиш, ҳайвонлардан қўрқиш, жимликдан қўрқиш, мурдадан қўрқиш, ҳуқуқ-тартибот ходимларидан қўрқиш ва бошқа(лар) Инсонни табиат ва турмушдаги воқеликларни тўғри тушунишга, идрок қилишга ўргатиш, машқ қилдириш орқали Қ. ни камайтириш мумкин. Шахснинг суст, заиф асаб тизимини жонлантириш, тана аъзоларини машқ қилдириш, нохуш кечинмаларни бартараф этиш орқали Қ. нинг ташқи ифодасини камайтирса бўлади. Психотерапевтик таъсир ўтказиш воситалари ёрдами билан Қ. ни аста-секин йўқотиш имконияти мавжуд.

[addtoany]