Қум ванналари

Қум ванналари, қумга тушиш, псаммотерапия – иссиқ қумдан даво мақсадида фойдаланиш; иссиқ билан даволаш усулларидан. Қадимда куёшда қизиган иссиқ қум билан даволаш кенг русум бўлган; араб, юнон, римликлар ва Шарқий Ҳиндистон аҳолиси ўртасида бу усул самарали қўлланилган. Қум ванналари ҳақидаги маълумотлар Ибн Сино қўлёзмалрида ҳам қайд этилган. «Агар қумдан маҳорат билан фойдалана олсангиз, моддалар алмашинувини яхшилашга эришилади. Инсон бақувват бўлиб, кайфияти тетикланади. Ортиқча моддалар тезда эриб, тер билан чиқиб кетади, у сурункали совуқликни бартараф этади, бош оғриқни қолдириб, мияни мустаҳкамлайди». Қум билан даволаш ёз ойларида ўтказилади, асосан, қумнинг юқори карамидан фойдаланилади. Эрталаб қум майдончаларида медальон шаклида 2S1 м ҳажмидаги «жўяча»лар тайёрланади. Ҳар бир «жўяча»нинг бош томонига 6-10 см баландликда қумдан тайёрланган ёстиқчалар қўйилади. Беморлар муолажа қабул қилишдан ярим соат олдин келиб, махсус соя жойда дам олишади ва иссиқ муҳитнинг термик шароитига кўникишади. Бу вақтда тиббий ходимлар беморнинг вазни, тана ҳарорати, қон босими, пульси ва ҳ. к. ни ўлчайди. Бевосита муолажа ўтказиш олдидан эрталаб тайёрлаб қўйилган ва офтобда қизиган «жўяча»ларнинг юпқа қавати олинади ва тўплаб қўйилади. Бемор жўячага ётгандан кейин унинг бадани қум билан ўралади ва энг устки қисми тўплаб қўйилган иссиқ қум билан қўйилади. Қум ванналари умумий ва маҳаллий бўлиши мумкин. Умумий қум ванналари ўтказилганда беморнинг танаси ва қўл-оёқлари (юрак соҳасидан ташқари) иссиқ қум билан ўралади. Маҳаллий усулда беморнинг қўл ва оёқлари ёки танасининг айрим кисмигина ўралади. Беморнинг боши устига куёшдан ҳимоя қилиш учун соябон қўйилади. Умумий қумли ванналар катталар учун 20-30, болалар учун эса 10-15 мин давомида қабул қилинади. Маҳаллий муолажа 40-60 мин., сўнгра иссиқ сувда ювиниш тавсия этилади. Қум ванналари таъсирида бутун тана бир хилда қизийди, оғриқ қолади. Организмда оксидлниш жараёнлари кучаяди. Қум ванналарини полиартрит, периферик нерв тизими касалликлари, аёллар жинсий аъзоларининг сурункали касалликларида буюрилади.

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация шмий-амалий тиббиёт марказининг Термиз филиалида беморларни қум билан даволаш йўлга қўйилган.

[addtoany]