Рекомбинация

Рекомбинация [ре – қайта ва лот. combination – бирикиш] (генетикада) – тирик организмларда генетик материалнинг наслда қайта тақсимланиши. Рекомбинация натижасида эволюцион ўзгаришлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган комбинатив ўзгарувчанлик юзага чиқади. Генетик материалнинг қайта тақсимланиши барча тирик организмлар: вируслардан бошлаб, юксак ўсимликлар ва ҳайвонларгача хос бўлган универсал биологик механизм ҳисобланади. Рекомбинация эукариот организмларда жинсий жараён ёрдамида, пркариотларда – коньюгация, трансформация ва трансдукция, вирусларда қўшма инфекция орқали содир бўлади. Рекомбинация мейозда гомологик хромосомаларнинг ажралиши ёки ДНК молекулаларининг ўзаро таъсири натижасида ДНК бир қисмининг бир молекуладан иккинчисига ўтиши орқали амалга оширилади. Р. ДНК молекулалари ўртасида ўзаро қисмлар алмашинувидан (рицепрок рекомбинация) ёки молекула бир қисмининг бошқа молекулага ўтиб келишидан (рицепрок бўлмаган Р.) иборат. Рекомбинация соматик ва жинсий ҳужайраларда кузатилади. Лекин митозда Р. тезлиги мейозга нисбатан анча паст бўлади. Рекомбинациянинг 3 тури (умумий, сайт-специфик, нотўғри) учрайди. Умумий Р., яъни кроссингеерда ДНКнинг гомологик кетма-кетлиги ўртасидаги алмашиниш бутун геном бўйлаб содир бўлади. Натижада комплементарлик асосида ҳар хил рекомбинатив ДНК молекулаларидан анча узун (100 жуфтга яқин нуклеотидлардан иборат) гибрид молекула шаклланади. Сайтспецифик Р. геномнинг 10-20 жуфт нуклеотидан иборат қатъий чекланган қисмларида (масалан, профагларнинг бактерия геномига кўшилишда) содир бўлади. Нотўғри Р. механизми яхши ўрганилмаган. Нотўғри Р. ногомологик ДНК молекулаларининг ўзаро таъсиридан иборат бўлиб, транслокация, инверсия, делеция ва бошқа(лар) жараёнлар билан боғлиқ. Рекомбинация орқали генларнинг бирикиш гуруҳи аниқланади; генларнинг жойлашишини ифодаловчи генетик хариталар тузилади; фенотипик кўринишининг ўхшашлиги бўйича мутацияларнинг аллеллиги кўрсатилади. Генетик инженерия ҳам рекомбинат (гибрид) ДНК олишга асосланган.

Загрузка...