Рентгенометрия [рентген ва метрия – ўлчаш] – жисмга ёки тирик организмга ютилган рентген ва гамма-нурлар миқдори (дозаси)ни ҳисоблаш ва ўлчаш билан шуғулланадиган соҳа. Рентгенометрияда қўлланиладиган усул ва асбоблар (ренгенометрлар) рентген ва гамма-нурланишнинг ионловчи таъсирига асосланган. Рентгенометрия усуллари тиббиёт, ҳарбий иш, саноатда кенг қўлланилади.
РЕСПУБЛИКА ИХТИСОСЛАШТИРИГАН ТЕРАПИЯ ВА ТИББИЙ РЕАБИЛИТАЦИЯ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ МАРКАЗИ – ЎзР даги илмий ташкилий-методик ва консульттив марказ. 1919 й. Тошкент ш. да ташкил этилган. Дастлаб курортология ва физиотерапия ин-ти деб номланган. Ин-т курорт манбалари ва янги физик омиллардан даво ва профилактика мақсадида фойдаланиш, уларни ўрганиш ҳамда шу соҳада илмий, амалий мутахассислар тайёрлашда етакчи илмий муассаса ҳисобланади. 1925 й. дан ўлкагахос касалликларни физик усуллар билан даволаш устида иш олиб бориб, Ўрта Осиё ҳудудида курорт иқлимли жойлар, минерал сувлар, шифобахш балчиқ ва бошқа(лар)ни ўргана бошлади. 1932 й. курортология бўлими очилди, шундан буён 100 дан ортиқ минерал сув ва шифобахш балчиқ манбаи ва иқлими курортбоп жойлар ўрганилган ва курорт-санторий (Чортоқ, Тошкент минерал суви, Чимён, Полвонтош ва ҳ. к.) ҳамда дам олиш уйлари (Шоҳимардон, Оқтош, Чимён, Ситораи Моҳи Хоса, Шаханд, Мироқи, Вандоб) ташкил этилган. Ин-тда беморлар соғлигини тиклашга қаратилган усуллар амалиётга татбиқ этилмоқда. Ин-тда 8 илмий бўлим, лаб., виварий, кутубхона ва музей мавжуд; илмий ходимлар орасида 4 проф., 7 фан д-ри ва 17 фан номзоди бор (2015). 15 нафар илмий ходим, 32 нафар ординатор фаолият кўрсатади. 240 ўринга мўлжалланган бўлимлар (кардиология, артрология, неврология, гастроэнтерология, гинекология, умумий терапия, физиотерапия ва бошқа(лар))да катталар ва болалар ўз соғлигини тиклайдилар. Ин-тда гипертония ва Юракнинг ишемик касалликлари ҳамда репродуктив ёшдаги аёл ва эркаклар соғлигини тиклаш марказлари ишлаб турибди. Ин-т 2007 й. қайта таъмирланди. Илмий ходимлар томонидан юзга яқин илмий ишлар тўпламлари, 50 дан зиёд монография, 150 дан зиёд методик қўлланма ва бошқа(лар) чоп этилди (2015).
[addtoany]