Сўрилиш, резорбция – турли моддаларнинг ҳужайра элементлари орқали қон ва лимфага ўтиши. Овқат ҳазм қилиш йўлида (асосан, ичакда), шунингдек, ўпка, плевра, бачадон бўшлиғида, қовуқда, тери юзаси ва бошқа(лар)да содир бўлади. Сув, туз ва баъзи моддалар (глюкоза, витаминлар) деярли ўзгаришсиз, кўпчилик овқат моддалари ферментлар таъсирида эпителий қаватидан осон ўтадиган оддий бирикмалари айлангандан сўнг сўрилади. Сўрилишда моддалар физик жараёнлар (диффузия ва бошқа(лар)) натижасида ҳаракатланади. Сўрилган моддалар барча аъзо ҳамда тўқималарга тарқалиб, энергия ҳосил бўлиши ва ҳаракатланиш жараёнида сарфланади. Сўрилиш мураккаб физиологик жараён; одам ва юксак ҳайвонлар овқат ҳазм қилиш йўлида сўрилиш ичак ворсинка (ўсимта)лари ҳамда микроворсикалар орқали юз беради. Карбонсувларнинг моносахаридга, оқсилларнинг аминокислотага парчаланиб сўрилиши форфориллаш жараёнига имкон беради. Ёғлар олдин ди- ва моноглицеридларга, кейин глицерин ҳамда ёғ кислоталарига парчаланиб сўрилади. Сўрилиш нерв ҳамда гуморал-гормонал механизм орқали бошқарилади. Сўрилишнинг бузилиши баъзи фермент ва С. да иштирок этадиган айрим ўтказувчиларнинг етишмаслиги сабабли рўй беради, гоҳо ирсий хусусиятга эга. Бу камчиликлар организмга фермент, витамин, туз ва бошқа(лар) моддаларни киритиш йўли билан бартараф қилинади.
[addtoany]