Спондилёз [юн. spondylos – умуртқа] – умуртқа поғонасининг сурункали касаллиги. Умурткаларнинг суяк тўқималари юзасида ўсимталар ўсиб кетиши туфайли умуртқалар шаклининг ўзгариши. Моддалар алмашинувининг бузилиши организмда оҳак тузларининг кўп йиғилишига сабаб бўлади. Кўпинча, кесаларда умуртқа поғонасига кўп йил давомида оғирлик тушиб бориши ва ёш улғайиши билан моддалар алмашинувининг бузилиши оқибатида рўй беради. Эркакларда аёлларга нисбатан кўп учрайди. Ёшларда спондилёзнинг вужудга келишига умуртқа поғонасининг қийшайиши сабаб бўлади, чунки бунда оғирлик умуртқа поғонасига бир хилда тушмайди. Баъзан спондилёз ич терлама ёки ревматизм касаллиги оқибатида ҳам вужудга келиши мумкин.
Спондилёзда умуртқа поғонаси оғриб, айниқса, унинг бўйин ва бел қисмида ҳаракатланиш бузилади. Оғриқ, асосан, уйқудан турганда рўй беради, бундай ҳолларда ҳаракат қилиш анча қийин бўлади, бел оғрийди, баъзида қирсилайди. Бемор керишгандан сўнг ҳаракат қилиш осонлашади, оғриқ йўқолади. Оғриқ, кўпинча, хуруж билан кечиб, об-ҳаво ўзгарганда кўпаяди, бунда бўйин, кўкрак ва бел умуртқаларининг сурункали радикулити пайдо бўлиши мумкин.
Спондилёзнинг олдини олиш учун организмни чниқтириш, дам олиш ва меҳнат тартибига риоя қилиш, физкультура ва спорт билан мунтазам шуғулланиш керак.
Спондилёзни даволашда массаж, даво гимнастикаси, рационал овқатланиш ва ҳар хил физиотерапевтик муолажалар буюрилади.
[addtoany]