Стресс

Стресс [инг. stress – босим, кучланиш, танглик] – одам ва ҳайвонларда кучли таъсиротлар натижасида содир бўладиган ўта ҳаяжонлниш, асабийлик ҳолати. Организмда ҳар хил таъсиротларга нисбатан ривожланадиган номахсус нейрогормонал реакция. «С.» атамсини канадалик патолог Г. Селье таърифлаб, тиббиётга киритган (1936). Олим стресс ҳолатига олиб келувчи омилни стрессорлар деб, улар таъсирида организмда рўй берадиган ўзгаришларни мослашиш (адаптация) синдроми деб атади. Физик (иссиқ, совуқ, шикастланиш ва бошқа(лар)) ва психик (қўрқув, қаттиқ товуш, ўта хурсандчилик) стрессорлар ажратилади. Организмда бу омиллар таъсирини енгишга қаратилган мослашувчи биокимёвий ва физиологик ўзгаришлар ривожланади, бу стрессорнинг кучи, таъсир этиш муддати, одам ёки ҳайвоннинг физиологик тизими ва руҳий ҳолатига боғлик. Нерв тизими юқори ривожланган одам ва ҳайвонларда, ҳис-туйғу, кўпинча, стрессор вазифасини ўтайди ва у физик стрессор таъсирига замин туғдиради. Одамда бир хил кундаги стресс ҳам хавфли, ҳам ижобий бўлиши мумкин. Шу боис маълум бир даражадаги стресс ларсиз фаол ҳаёт кечириб бўлмайди, чунки стресслар бўлмаслиги бу ўлим билан баробар деган эди Г. Селье. Демак, стресслар нафақат хавфли, балки организм учун фойдали ҳам бўлиши мумкин (эустресс), бу ҳолат организм имкониятларини ишга солади, салбий таъсиротларга чидамлилигини оширади (масалан, инфекциялар, қон йўқотиш ва бошқа(лар)), маълум бир соматик касалликлар (масалан, яра касаллиги, аллергия, юрак касалликлари ва бошқа(лар)) кечишини енгиллаштиради ёки беморнинг улардан фориғ бўлишига ёрдам беради. Зарарли стресслар (дистресс) организм резистентлигини пасайтиради, кўпгина касалликларнинг кечишини оғирлаштиради. Стресс таъсирида касалликлар пайдо бўлишида организмнинг дастлабки ҳолати катта аҳамиятга эга. Масалан, гипертония касаллиги билан оғриган беморда стресс оғирроқ, яъни гипертоник кризпар билан кечади.

Г. Селье, стресс натижасида ривожланадиган касалликлар ё стрессорнинг кучли таъсир этиши, ёки гормонал тизимнинг «нотўғри» реакция беришига боғлиқ деб ҳисоблаган. Чунки айрим ҳолларда дистресс унча кучли бўлмаган стрессор таъсирида юзага келади. Стресснинг организмга ижобий ёки салбий таъсир этиши организмнинг ушбу стрессорга нисбатан реакцисига боғлик. Стресс ҳолатини фаол ўзгартиришга қаратилган чоралар организм чидамлилигини оширади ва натижада касаллик ривожланмайди ёки, аксинча, фаол курашиш бўлмаса, мослашиш синдроми сусайиб, оғир ҳолатларда организмни нобуд бўлишигача олиб келиши ҳам мумкин. Организмдаги ҳамма ўзгаришларни назорат қилишда миядаги катехоламинлар миқдори катта аҳамиятга эга. Шундай қилиб, нерв тизими организмнинг С. га реакция бериш ҳолатини белгилайди.

Ҳоз. «С.» атамаси жуда кенг маънода тушунилади, масалан, нерв тизими бўлмаган қуйи ҳайвонлар, ҳатто ўсимликларда ҳам сув миқдори ёки ҳарорат кескин ўзгарса, уларда кечаётган физиологик жараёнлар бузилади.

[addtoany]