Суд тиббиёти – тиббиётнинг бир бўлими; дастлабки тергов ва суд амалиётида юзага келадиган тиббий ва биологик муаммоларни ўрганади.
«С. т.» атамасини илк бор 1690 й. немис олими Иоган Бонн тавсия этган. Суд тиббиёти бир-бридан узоқроқ соҳалар – тиббиёт ва ҳуқуқ фанларини ўзаро боғлайди. Қадим замонлардаёқ соғлиққа путур этганда ёки ўлим рўй берганда ҳуқуқий масалаларни ҳал этишга врачлар жалб қилинган. Хитойда 13-а. да Сун-Ци таҳрири остида «Си-Юань-Лу» китоби чоп этилган бўлиб, унда мурдани кўздан кечириш, ундаги ўзгаришлар, жароҳатлар, заҳарланишлар ва ҳ. к. ҳақида маълумотлар келтирилган. Абу Али ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» китобида мурдадаги ўзгаришларнинг келиб чиқиш сабабларини тушунтириб беришга ҳаракат қилган. Китобнинг IV-V жилдларида заҳар ва заҳарланишлар, механик жароҳатлар ҳақида маълумотлар берилган. Ибн Сино жароҳатларни фарқлаб тасвирлаш ҳақида фикр юритган.
Ўзбекистонда суд тиббиёти фанининг ривожланиши 20-а. нинг бошларига бориб тақалади. 1922 й. Тошкентда Туркистон ун-тининг тиббиёт ф-ти қошида суд тиббиёти кафедраси ташкил этилиб, суд тиббиёти экспертизаларини расман ўтказиш ва кадрларни тайёрлаш ишлари бошланган.
ЎзР да суд тиббиёти фанининг қуйидаги тизимлари мавжуд: суд тиббиёти фани ва унинг келиб чиқиш тарихи; суд тиббиёти экспертизасининг процессуал ва ташкилий асослари; ташқи таъсиротлар натижасида жароҳатланиш ва ўлимнинг келиб чиқиши; тирик шахслар суд тиббий экспертизаси; мурдалар суд тиббий экспертизаси; ашёвий далиллар суд тиббий экспертизаси; жиноий ва фуқаролик ишлари материаллари бўйича суд тиббий экспертизаси; тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий ҳукукбузарликлари бўйича суд тиббий экспертизаси. Шунингдек, суд тиббиёти қонунлар асосида тиббий маълумотларни таҳлил қилади.
Суд тиббиёти тиббиётнинг бошқа соҳалари, хусусан, патологик анатомия (мурдаларни текширишда), фармакология ва токсикология (заҳарланишларни ўрганишда), клиник фанлар (тирик шахсларни кўрикдан ўтказиш), гематология ва иммунология фанлари билан (ашёвий далилларни текширишда) узвий боғлиқ.
Ўзбекистонда С. т. фанининг ривожланишида И. В. Марковин, М. И. Райский, Н. Ф. Колосова, С. Ш. Шахабутдинов, Ф. Ж. Тўлагнов, Ж. Ж. Жалолов ва бошқа(лар)нинг хизматлари катта. Мамлакатдаги мавжуд тиббиёт ин-тларида С. т. кафедралари мавжуд, у ерда ва ҳуқуқшунослик йўналишидаги ўқув муассасаларида С. т. фани ўқитилади. Суд тиббиёти экспертлари врачлар малакасини ошириш ин-тларида ўз малакаларини оширадилар. Ҳоз. Суд тиббиёти кафедраларида магистрлар тайёрланмоқда. Ўзбекистонда суд тиббиётчиларининг илмий жамияти ташкил этилган (1954). «Ўзбекистон суд тиббиёти экспертларининг илмий мақолалар тўплами» чоп этилмоқда (1975 й. дан). 1990 й. дан «Сутибэкспертиза» илмий-ўқув-амалий бирлашмаси фаолият кўрсата бошлади.
[addtoany]