Сурги воситалари – ичак перистальтикасини кучайтириб, ич юришини тезлаштрадиган моддалар. Сурги воситалари ичак шиллиқ пардаси рецепторлар (нерв учлари)ига қитиқловчи таъсир кўрсатади. Сурги воситалари кабзиятда, одам заҳарли моддапардан заҳарланганда ичакни тозалашда, шунингдек, меъда-ичак йўлларини текшириш, операцияга тайёрлаш ва бошқа(лар) ҳолларда қўлланади. Асосан, йўғон ичакка таъсир кўрсатадиган ва бутун ичак бўйлаб таъсир этадиган сурги воситалари мавжуд. Сурункали кабзиятда, асосан, йўғон ичакка таъсир этадиган сурги воситалари буюрилади. Улар ўсимлик (равон, итжумрут, сано) препаратлари бўлиб, таркибида антрагликозидлар тутади. Кимёвий тузилиши ва таъсири жиҳатидан антрагликозидларга ўхшаб кетадиган моддалар – фенолфталеин ва изофенинлар синтез йўли билан олинади. Бу гуруҳ воситалари ингичка ичакдаги ҳазм жараёнини бузмаслиги учун узоқ муддат (йиллар мобайнида) қўлланилиши мумкин. Улар ҳар куни ёки кун-ора, одатда, кечаси уйқудан олдин буюрилади ва 8-12 соатдан кейин таъсир кўрсатади. Таркибида антрагликозидлар тутувчи препаратларга одам ўрганиб қолиши мумкин, шунинг учун уларни бирини иккинчиси билан алмаштириб ишлатишга тўғри келади.
Бутун ичак бўйлаб таъсир этадиган сурги воситаларига тузли сурги ва канакунжут ёғи киради. Тузли сурги сувда яхши эрийди. У диссоцицияланганда ионлар меъда-ичак йўлида яхши сўрилмайди. Ичакда бу тузнинг концентрацияси кўпайганда осмотик босим ошиб кетади, бу, ўз навбатида, сувнинг ичакда сўрилишини тўхтатиб қўяди. Бу жараён ичакдаги суюқлик ҳажмининг ортиб кетиши билан боради. Натижада ичак перистальтикаси кучайиб, ич юришади. Шуни айтиб ўтиш керакки, тузли сургилар ичакда сувдан бошқа моддаларнинг ҳам сўрилишини тўхтатади. Шу сабабли, улар заҳарли моддалар меъда-ичак йўлидан кириб, заҳарланиш юз берганда даво сифатида ишлатилади.
Канакунжут мойининг таъсири шунга асосланганки, у ўн икки бармоқ ичакда парчаланиб, бутун ичакнинг шиллиқ қавати рецеторларини қитиқлаб, перистальтикани кучайтирадиган моддалар ҳосил қилади (қ Овқат ҳазм қилиш тизими). Тузли сургилар мунтазам ишлатилганда, улар ичакни таъсирлантириши натижасида ичак шиллиқ пардаси яллиғланиши мумкин. Сурги воситаларини фақат шифокор кўрсатмасига мувофиқ ичиш керак, чунки баъзи касалликлар (масалан, аппендицит билан боғлик бўлган қабзият) да сурги воситаларини ўз билгича ичиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.