Суяк синиши

Суяк синиши – шикастланиш оқибатида суяк бутунлигининг бузилиши. Суяк синиши травматик ва патологик турларга бўлинади. Травматик суяк синиши соғлом суякка тўсатдан кучли механик куч таъсир этиши натижасида рўй беради. Патологик суяк синиши эса бирор касаллик (масалан, суяк сили, суяк ўсмаси, остеомиелит, остеопороз ва ҳ. к.) оқибатида мўрт бўлиб қолган суякка кучсиз ташқи таъсир туфайли юз беради. Суяк синиши ёпиқ ёки очиқ бўлади. Ёпиқ синишда синган жой соҳасидаги тери зарарланмайди, очиқ синишда эса тери йиртилиб, суяк бўлаклари теридан ташқарига чиқиб қолади. Очиқ суяк синиши ёпиғига нисбатан хавфлироқ ҳисобланади, чунки теридаги йиртилган яра орқали инфекция синган соҳага кириб қолиши ва йиринглашга сабаб бўлиши мумкин. Очиқ суяк синиши, асосан, ҳарбий қуроллар таъсири ва йўл-транспорт ҳалокати туфайли содир бўлади.

Синган суяклар сонига кўра суяк синишилари мнотравма (битта суяк синиши) ва политравма (бир нечта С. ерларга ажратилади. Суякнинг нечта бўлака бўлинишига қараб оддий (суяк икки бўлакка бўлинса) ва мураккаб (суяк бир неча бўлакка бўлинса) суяк синиши қайд этилади. Суяк бўлакларининг шаклига кўра С. с. лари кўндаланг, узунасига, қия, винтсимон, Т-симон, V-симон, майдаланган бўлади. Синган суяк бўлаклари жойидан силжимаслиги ёки мушаклар қисқариши натижасида силжиб кетиши мумкин. Суяк синишининг фақат болаларга хос бўлган «новдасмон синиш» ва эпифизеолиз турлари мавжуд.

Суяк бўлаклари атрофдаги қон томирлари ва нерв толаларини жароҳатлаши мумкин. Бир нечта майда суяклар ёки битта йирик суяк (масалан, сон суяги, чаноқ суяги) синганда ички ва ташқи қон оқиши туфайли травматик шок вужудга келади. Суяк синишининг ташқи кўринишдан абсолют (суяк калталашуви, қийшайиши, синиш соҳасида киртиллаш) ва нисбий (шиш, оғриқ, фаолиятнинг бузилиши) белгилари кўзга ташланади.

Суяк синишини даволашнинг консерватив (операцияси) ва оператив усуллари мавжуд. Консерватив даво усуллари (қўлда тортиб ёки тана тортими ёрдамида суяк бўлакларини тўғрилаш, гипс боғлам қўйиш), асосан, оддий С. с. ларида қўлланади. Мураккаб С. с. ларида эса аксарият ҳолларда операция қилинади. Оператив даво усулларидан суяк бўлакларини металл пластинка, штифтлар, бурама мих ва ташқи фиксация аппаратлари (масалан, Илизаров аппарати) ва ҳ. к. билан маҳкамлаш кенг тарқалган.

Суяк бўлакларининг битиши синган соҳада суяк қадоғи ҳосил бўлишига асосланган мураккаб биологик жараёндир. Битиш муддати қайси суяк синганлиги, суяк бўлакларининг ва атроф юмшоқ тўқималарининг ҳолати ҳамда организмнинг умумий аҳволига боғлиқ. Майда ва кўмик суяклар йирик ва узун суякларга нисбатан, болалар суяги эса катталар суягига нисбатан тезроқ битади. Қарияларда суяк битиши секинроқ кечади.

Суяги синган жойни тезда мавжуд нарсалар (картон, фанер, тахтача ва бошқа(лар)) ёки шина қўйиб, устидан дока, рўмол ёки бинт билан сиқиб боғлаш ва беморни зудлик билан тегишли касалхонага олиб бориш керак.

[addtoany]