Тахикардия

Тахикардия [юн. tachys – тез ва kardia – юрак] – юрак қисқаришларининг тезлашуви, Юракнинг тез (1 мин. да 100 ва ундан кўп) уриши. Юрак қисқариши ритмиклиги ва сонининг бузилиши, унинг асосий хусусиятларидан бири – юрак автоматизмининг ўзгариши натижасида юзага келади. Соғлом кишиларда жисмоний ва руҳий зўриқиш, овқат ёйиш, тана ҳолатини кескин ўзгартириш, масалан, ётган жойдан бирдан туриб кетиш ва ҳ. к. да (буни физиологик тахикардия дейилади) кузатилади. Тана ҳарорати кўтарилганда (иситма 37°дан юқори бўлса, томир минутига одатдагидан 8-10 та кўп уради), шунингдек, юрак-томир ва нерв тизимлари, ички секреция безлари касалликлари ва бошқа(лар)да тахикардия пайдо бўлади. Юрак иши жуда ўзгарувчан бўлиб, доимо организмнинг қон айланишига бўлган талабига мослашиб туради. Табиий шароитда юрак ишини бошқаришда марказий нерв тизимидан сайёр (адашган) ва симпатик нервлар орқали келадиган импульслар етакчи роль ўйнайди. Симпатик нерв таъсирланса, юрак кискарилари сони ортади. Юрак қисқариши ритмининг тезлашиши юрак мушакларида моддалар алмашинуви ва қон айланишининг бузилишига олиб келади. Пульснинг тўсатдан тезлашиб мин. га 160-200 гача етиши пароксизмал тахикардия дейилади. Тахикардиянинг олдини олиш учун энг аввал уни келтириб чиқарган сабаб бартараф этилади.

[addtoany]