Тиш чириши

Тиш чириши, тиш кариеси – тиш қаттиқ тўқималарининг зарарланиши; тиш амали (дентин)нинг аста-секин емирилиб, ковак ҳосил бўлиши. Болаларда кўп учрайди. Кўпинча, болаларнинг биринчи катта жағ тишлари (олтинчи тиш) чирийди. Тиш чириши овқатланиш тарзнинг бузилиши; хамир овқат ва ширинликларга ружу қилиш; овқат таркибида калий, фосфор ва витаминлар етишмаслиги, шунингдек, овқатда ҳўл мева ва сабзавотлар бўлмаслиги ҳамда тишларни нотўғри парвариш қилиш оқибатида пайдо бўлиши мумкин. Болалар тишининг чиришига ҳомиладор аёлларнинг овқатланиш тартиби, болани нотўғри овқатлантириш ва бошқа(лар) маълум даражада таъсир этади. Ичимлик сув таркибида фтор кам бўлган жойларда бу касаллик кўп учрайди (асосан, болаларда). Оғир инфекцион касаллик билан оғриган болаларда, айниқса, уларнинг балоғатга етиш даврида (хусусан, қизларда) тиш чириши тез авж олиб кетади. Тиш чириши, кўпинча, ҳомиладорликда ҳам кузатилади, чунки бу даврда ҳомила скелети шаклланиши учун зарур бўлган кальцийга талаб ошиши натижасида она организмида ички секреция безлари фаолияти ва моддалар алмашинувининг бузилиши каби физиологик ўзгаришлар рўй беради.

Тиш чириши сезиларсиз бошланади. Дастлаб тиш эмали хиралашиб, ғадир-будурлашади, оқиш ёки сарғимтир доғ пайдо бўлади (қ. Тиш)’, кейинчалик бу жой юмшаб қолади, бу – юза тиш чириши дейилади; бунда тиш чўтка билан тозаланганда, ширин, нордон нарсалар ейилганда оғрийди. Чириган тиш коваги аста-секин чукурлашиб, эмалдан дентинга ўтади, ана шунда ўрта тиш чириши келиб чиқади, ўткир кечганда механик, кимёвий ёки иссик-совук таъсирида бироз оғриқ пайдо бўлади. Тиш чириши жараёни дентин тўқимасининг ичига ўтиши натижасида пульпа устида юмшаб юпқалашган дентин қолади; бунда чириган тиш ковагига овқат кириши (иссиқ, совуқ сув ва бошқа(лар) таъсир этиши) билан кучли оғриқ пайдо бўлиб, таъсирот йўқолганда дарров тўхтайди; бу – чуқур тиш чириши деб аталади. Агар ўз вақтида даво қилинмаса, микроб тишнинг юмшоқ тўқимаси (пульпа)га кириб, уни яллиғлантиради – пульпит вужудга келади; бора-бора тиш илдизи атрофидаги тўқималар ҳам яллиғланиши мумкин, тиш чиришини стоматолог шифокор даволайди. Тиш ковагини тозалаб пломбаланади.

Олдини олиш учун организм эҳтиёжига зарур минерал тузлар (айниқса, кальций, фосфор), витаминлар, ёғлар, карбонсувлар ва ҳ. к. га бой овқатлар еб туриш, овқатланиш тартибига риоя қилиш, оғиз бўшлиғини соғлом сақлаш керак.

[addtoany]