Токсикология

Токсикология [юн. toxikon – заҳар ва ..логия] – тиббиёт соҳаси; заҳарли моддаларнинг физик ва кимёвий хусусиятлари, уларнинг тирик организмларга таъсири механизми, заҳарланиш аломатларини ўрганади. Заҳарлнишнинг олдини олиш ва даволаш воситаларини, шунингдек, заҳарларнинг кичик дозларда даво таъсирига эга эканлигини аниқлаш ва ундан фойдаланиш йўлларини излаб топиш ишлари билан шуғулланади.

Токсикологиянинг асосий мақсади, асосан, этиологияси кимёвий омил ҳисобланадиган ноэпидемик касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, олдини олиш ва даволаш ҳамда моддаларнинг инсон организмига узоқ муддат давомида зарарли таъсирини ўрганиш ва бартараф этишга қаратилган.

Токсикология коммунал гигиена фанининг асосий бўлимларидан бўлиб, тиббиёт олий ўқув юртларининг тиббий профилактика ф-тларида ўқитилади. Токсикологиянинг фан сифатида ривожланишида Ш. Т. Отабоев, Т. И. Искандаров ва бошқа(лар)нинг ҳиссаси катта.

Ўзбекистон олимлари томонидан ҳайвонлар устида ўтказилган тажриба натижаларига асосланиб моддаларнинг заҳарлилиги ва хавфлилигини баҳолаш бўйича тасниф ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, заҳарли моддаларнинг организмга тушиш йўллари, ўлимга олиб борувчи ўртача дозаси (концентрацияси) ва бошқа(лар)ни бир-бирига боғлаган ҳолда хавфлилик синфларига бўлиш тавсия қилинган.

«Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария назорати тўғрисида»ги қонунга асосан, ҳукуматимизнинг токсикология соҳасидаги мутахассис олимлари (Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот ин-ти, II ТошТИ коммунал гигиена кафедраси ва Марказий илмий тадқиқот лаб. токсикология бўлими ходимлари) томонидан барча янги кимёвий моддаларнинг заҳарлилик ва хавфлилик даражалари ўрганилади. Масалан, фосген кислотаси бирикмаларининг заҳарлилик даражаси, уларнинг кимёвий тузилишига боғлиқлик қонуниятлари аниқланди (Г. Т. Искандарова). Мазкур қонуниятларга мувофиқ, кимёгар ва биолог олимлар ҳамкорлигида кам заҳарли ва юқори самарали дефолиантлар ишлаб чиқилди.

[addtoany]