Тормозланиш

Тормозланиш (физиологияда) – қўзғалиш таъсирида аъзолар, тўқималар ёки ҳужайралар нерв марказлари фаолиятини сусайтирадиган нерв жараёни. Одам ва ҳайвонлар марказий нерв тизимида тормозланиш жараёнлари мавжудлигини илк бор И. М. Сеченов (1863) аниқлаган. И. П. Павлов олий нерв фаолиятига тегишли барча мураккаб жараёнларда қўзғалиш билан бирга тормозланиш содир бўлиб туришини кўрсатиб берган. Марказий нерв тизимининг бирон бўлимида тормозланиш пайдо бўлиши унинг функционал ҳолати, хусусияти ва Қўзгатувчининг кучи (интенсивлиги) боғлиқ. Тормозланиш жараёни келиб чиқиш жойига кўра, периферик Т. (бевосита мушак ёки без элементларида юз беради) ва марказий Т. (марказий нерв тизимида амалга ошади) тафовут қилинади. Ҳар қандай нерв фаолияти ўзаро боғланган 2 жараён: Т. ва кўзғалишдан иборат.

Бу икки жараённинг ўзаро таъсири натижасида қон айланиш, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, ҳаракатланиш каби организмнинг энг муҳим фаолиятлари бошқариб турилади. Айрим нерв касалликлари (эпилепсия ва бошқа(лар)) ва бир канча заҳарли моддалар (масалан, стрихнин) таъсирида марказий нерв тизими фаолиятининг бузилиши тиришишга олиб келади.

[addtoany]