Тошмали терлама

Тошмали терлама [tuphus exanthematicus], тепкили терлама, эпидемик тиф – риккетсиозлар гуруҳига мансуб ўткир инфекцион касаллик, бунда бемор иситмалади, юрак, қон Томирлар, марказий нерв тизими зарарланади, тошма тошади. Провачек риккетсияси кўзғатади, бит орқали юкади. Тошмали терламанинг келишида 4 давр фарқланади; яширин даври (ўртача 2 ҳафта), бошланғич, авж олиш ва соғайиш даврлари. Дастлаб беморнинг эти увишиб, иситмалайди (39-40° гала), боши ва мушаклари кақшаб оғрийди, юзи кепчийди, кўзлари қизариб туради, уйқуси бузилади, алахлайди. Касалликнинг 3-4 кунида кўз конюнктивасининг бурмасида ва юмшоқ танглайда доғсимон тошмалар пайдо бўлади. Интоксикация кучлилигидан юрак, нафас йўли ва нерв тизими зарарланади. Касалликнинг 5-кунидан бемор бадани ва билакларига қизғиш-пушти тошмалар тошади. Касалликнинг 12-15-кундан беморнинг аҳволи яхшилана бошлайди. Баъзан тошмали терлама кайталайди. Сўнгги йилларда бу касаллик Ўзбекистонда деярли учрамайди.

Тошмали терламанинг олдини олиш учун битга қарши кураш чоралари кўрилади, дезинфекция ўтказилади ва ҳ. к.

[addtoany]