Транскрипция

Транскрипция (биологияда) – тирик ҳужайраларда ирсий ахборот амалга оширилишининг биринчи босқичи; ДНК матрицаси асосида иРНК молекуласи синтезланиши. ДНК га тобе РНК-полимераза ферменти воситасида амалга ошади. Фермент транскрипциянинг бошланиш жойи – прмоторни таниб, унга бирикади; ДНК қўш зажирини бир-биридан ажратади ва бу жойдан бошлаб, ДНК занжирларининг биридан нусха олади. Бунинг учун фермент ДНК занжирлардан бири бўйлаб силжиб боради ва комплеметарлик принципи асосида цитоплазмадаги эркин нуклеотидпарни ўзаро туташтириб иРНК занжирини ҳосил қилади. Фермент силжиб бориши билан иРНК узунлиги ортиб бориб, ДНК занжиридан узилади; ферментнинг кейинги қисмида ДНК қўш спирали яна тикланади РНК-полимераза ферменти нусха кўчирилётган ДНК қисмининг охири (терминатор)га етганида синтезланган РНК матрица (қолип) дан ажралади. ДНК қисмлари ҳар хил жойидан олинадиган нусхалар сони организм ривожланиши давомида ўзгариб туриши мумкин. Катта самара берадиган инициация (бошланиш) учун, кўпинча, промоторга назорат қилувчи оқсиллар (масалан, фаоллаштирувчи оқсиллар) нинг уланиши лозим. Прокариотларда иниция босқичидаги бошқарилишда оқсил-репресорлар қатнашиши мумкин. Транскрипциянинг охирини РНК-полимераза, бошқа қисмини махсус оқсил «ро» таниб олади. Транскрипциянинг терминация босқичидаги бошқарилишда антитерминатор оқсиллар ва оқсил синтези аппарати компонентлари қатнашади. Эукариотларда рибосома!!, информацион ва транспорт РНК синтези учун алоҳида РНК-полимераза ферменти мавжуд. Транскрипция бирлиги скриптон ёки оперонлар ўзаро функционал боғланган бир неча генлардан иборат. Эукариотларда бу генлар ҳар доим ионоген бўлади. Шиш ҳосил қиладиган вирусларда тескари транскриптаза (ревертаза) ферменти ёрдамида ахборот РНКдан ДНКга ўтказилиши мумкин. Бу жараён тескари транскрипция дейилади.

Загрузка...