Шиш

Шиш – организм тўқималари ва бўшликларда кўп миқдорда суюқлик тўпланиши. Кўпинча, бу ҳолат терида, тери ости ёғ каватида, плеврал ва қорин бўшлиқларида, юрак олди халтачасида, мояк ва ҳ. к. да кузатилади. Шиш суюқлиги сув, натрий ва калий тузлари, бирмунча миқдорда оқсил ҳамда лейкоцитлардан иборат. Лейкоцитлар, айниқса, яллиғланишга хос шиш ларда кўп бўлади.

Капилляр Томирлар орқали мунтазам равишда тўқима суюқлиги билан қон плазмаси ўртасида алмашинув юз беради. Қон Томирлар девори орқали атрофдаги тўқималарга суюқлик чиқиб туради. Агар атрофдаги тўқималарга тмирлардан кўп миқдорда суюқлик чиқиб унинг сўрилиши кийинлашса ёки бутунлай тўхтаб қолса, шиш пайдо бўлади. Бу жараёнга томир йўллари ва атрофдаги тўқималарда натрий, калий ва оқсиллар миқдорининг ўзгариши имкон беради. Бундай ўзгаришлар томирларнинг кенг қўламда шикастланиши, веналарнинг варикоз кенгайиши, тромбофлебит, юрак етишмовчилиги, буйрак касаллигида (қ. Нефрит) қон окимининг секинлашишида пайдо бўлади. Шиш кўпроқ, сув-туз алмашинувининг бузилишида юзага келиши аниқланган. Шиш тарқалишига кўра умумий ва маҳаллий бўлади. Умумий шиш тананинг кўп қисмини эгаллаши, оёқ-қўл ҳамда танада бир текисда тарқалиши билан ифодаланади. Умумий шиш юрак етишмовчилигида, буйракнинг баъзи касалликларида, жигар циррзида кузатилади. Умумий шиш қорин бўшлиғида қон айланишининг бузилиши, унда суюқлик тўпланиши – асцит билан кечади. Маҳаллий Ш., кўпинча, бирор вена қон томирининг эзилиши ёки яллиғланиш реакцияси натижасида пайдо бўлади.

Шишган аъзо, тана қисми ёки оёқ-қўл катталашади ва шакли ўзгаради. Тери шишганда унинг эластиклиги камаяди, баъзан у оқариб, муздек бўлади (яллиғланиш ва баъзи аллергик Ш. бундан мустасно). Шиш пайдо бўлганда у тананинг каеридалиги ва ҳажмидан қатьи назар дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим.

Шиш кенг тарқалиб, танада узоқ сақланса тўқималарнинг озиқланиши бузилади ва организмга осонлик билан инфекция киради, бу эса яралар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бундай вақтда терини мумкин кадар шикасланишдан сақлаш, уни ниҳоятда тоза тутиш зарур. Бунинг учун ички кийимни тез-тез алмаштириб туриш, терини калий перманганат (марганцовка)нинг кучсиз эритмаси билан артиш ва бошқа(лар) тавсия этилади. Тери ёрилганда ва шилиганда унга бриллиант яшилининг 1 % ли эримасини (зеленка) суртиш керак.

Шиш сабаби врач томонидан аниқланган кишиларга, кўпинча, Ш. нинг ҳажми ва тарклишини, кундалик қабул қилинаётган ҳамда чикарилаётган суюқлик миқдорини назорат қилиб туриш, ош тузини чеклаш, баъзан таркибида калий кўп маҳсулотлар, (сутли маҳсулотлар, туршак, баргак ва ҳ. к.) истеъмол қилиш буюрилади.

Юрак, жигар, буйрак касалликлари бор беморлар ўз вақтида шифокорга мурожаат аташса, бу уларда Ш. пайдо бўлишининг олдини олишга имкон беради.

[addtoany]