Травма

Травма [юн. trauma – шикаст] – ташқи муҳит таъсирида организм тўқималари ва аъзолар фаолиятининг бузилиши. Шикастловчи омилларга кўра механик, кимёвий, электрик, термик, шунингдек, психик травма бўлади. Шикастловчи омилнинг таъсир этиш вақтига кўра, ўткир ва сурункали травма; травмага сабаб бўлган ҳодиса ва шарт-шароитга асосан, и. ч., спорт, турмуш, кўча, транспорт ва бошқа(лар) травмаларига ажратилади.

Ўткир травмада организмдаги бирор аъзо ёки тўқима (турли даражада) шикастланади; оғирроқ ҳолларда травматик шок, ҳатто ўлим рўй беради. Сурункали травма организмга ташқи муҳитнинг аста-секин узоқ вақт зарарли (масалан, вибрация, ишқаланиш, босим ва бошқа(лар)) таъсир этишидан келиб чиқади. Механик травмада очиқ ва ёпиқ суяк синиши, мия силкиниши, суяк чиқиши, ички аъзоларнинг ёрилиши, мия, юрак, ўпка, қорин бўшлиғи аъзолари шикастланиши, эзилиши, узилиши мумкин. Бунда қон кетиши, шиш, яллиғланиш, некроз – тўқиманинг ўлиши кабилар юз бериши мумкин. Термик Т. да организм тўқимаси юқори ҳарорат (куйиш) ва паст ҳарорат (совуқ олиши) таъсирида зарарланади. Кимёвий Т. тўқиманинг турли кимёвий моддалар (кислота, ишқор ва бошқа(лар)) таъсирида куйишидан пайдо бўлади. Психик Т., кўпинча, тўсатдан рўй берадиган оғир руҳий таъсиротлар, кучли ҳаяжон, бахтсиз ҳодисалардан ғам чекиш (қаттиқ қўрқит, ваҳима, асаб бузилиши) оқибатида келиб чиқади; бунда ҳушдан кетиш, узоқ вақт асабнинг бузилиши – неврозлар, депрессия ҳам вужудга келиши мумкин.

Беморга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам бериш билан Т. асоратларининг олдини олиш мумкин (яна к. Травматизм).

[addtoany]