Трахома

Трахома [юн. trachus – ғадир-будир] – кўз шиллиқ пардасининг сурункали яллиғланиши билан кечадиган юқумли касаллик. Трахомани chlamydia trachomatis кўзғатади. Бемор касалликнинг асосий манбаи ҳисобланади. Соғлом кўзга кир қўл ёки уй-рўзғор буюмларидан (кўпчилик битта ёстиқ, сочиқ, адёл ва бошқа(лар)дан фойдаланганда) юқади. Болалар боғча ва яслиларда ўйинчоқлар орқали зарарланиши мумкин. Трахома сезиларсиз бошланиб, аста-секин зўраяди. Аввалига кўзга бир нарса кадалгандек, ковоқлар оғирлашгандек туюлади. Юқори қовоқ шиллиқ пардасида шиш ва фолликулалар – доначалар пайдо бўлади, кўз қизаради ва ковоклар торая боради. Бемор яқинда уйқудан тургандек ёки чала ухлагандек бўлади. Касаллик авж олганда кўз мугуз пардасида ҳам доначалар пайдо бўла бошлайди. Бунда кўз билинади, бемор кўзини очолмай қолади. Қовоқ четидаги киприклар ўзаги чандиқланиб, улар нотўғри ўсиб чиқади ва кўз мугуз пардасига таъсир этиб, унга қадлаверади. Қовоқ шиллиқ пардасида чандиқлар пайдо бўлиши натижасида пастки қовоқ чега ичига қайрилади. Касаллик енгил, ўртача ва оғир кечиши мумкин. У кўп жиҳатдан бемор организми ҳолатига боғлик бўлиб, организмда моддалар алмашинувининг бузилиши касалликлари, витаминлар етишмаслиги, маҳаллий касалликларнинг қўшилиши ва бошқа(лар)да бирмунча жиддий кечади.

Трахома ўз вақтида аниқланиб даволанмаса, 5-10 йиллаб давом этиб, бемор бутунлай кўр бўлиб қолиши мумкин, чунки кўз мугуз пардасини намлаб турадиган кўз ёши йўллари чандиқланиб, бекилиб қолади, натижада мугуз парда қақраб, оппоқ оқариб, садафга ўхшаб кўринади.

Касалликнинг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, аҳолининг маданий турмуш даражасини ошириб бориш катта аҳамиятга эга. Трахомага гумон қилинганда дарҳол шифокорга кўриниш лозим; бемор тўғри ва мунтазам даволанса, бутунлай соғайиб кетиши мумкин. Ҳоз. Трахома деярли учрамайди.

[addtoany]