Тумов, ринит – совқотиш, инфекция, аллергия натижасида бурун шиллиқ пардасининг яллиғланиши. Мустақил касаллик ёки инфекцион касалликлар (масалан, грипп, дифтерия, қизамиқ ва бошқа(лар)) белгиси бўлиши мумкин. Тумовда бурун ёки томоқ шиллиқ пардаси шишиб, ачишади ва қурукшайди; 3-4 кундан кейин бурундан кўп миқдорда суюқ тиниқ шилимшиқ келади. Беморнинг умумий аҳволи айтарли ўзгармайди, ҳарорати, одатда, нормал ёки бироз кўтарилади (37-37,5°), боши оғирлашиб, иш қобилияти пасаяди; бурундан нафас олиш қийинлашади, баъзан, кўз шиллиқ пардаси яллиғланганлиги туфайли ёш оқади, ҳид билиш пасаяди. Тумов, хусусан, Эмадиган болаларда оғир кечади. Уларнинг бурун йўллари жуда тор бўлиб, бурун шиллиқ қаватининг озгина бўлса-да шишиши бурундан нафас олишни қийинлаштиради. Натижада жиддий ўзгаришлар: тажанглик, уйқу бузилиши, эммай қўйиш, жуда озиб кетиш ва бошқа(лар) кузатилади. Баъзан яллиғланиш бурун-ҳалқум ва эшитув найи шиллиқ пардасига, ҳатто ҳиқилдоқ, бронх ва ўпкага ҳам ўтиб кетади. Шу боис тумовни зўрайтириб юбормаслик керак.
Касаллик аломатлари пайдо бўлиши билан шифокорга мурожаат этиш лозим. Асал ёки малина мураббоси солинган иссиқ чой ичиш, врач тавсия этган томир торайтирувчи томчиларни бурунга томизиш керак, бу – шиллиқ парда шишини пасайтиради, натижада бурун оқиши камаяди, бурун очилиб, нафас олиш яхшиланади. Шифокор буюрган даво чораларини қатъий бажариш лозим, акс ҳолда, яллиғланиш жараёни сурункали шаклга ўтиб кетиши мумкин. Тумов ҳамма вақт ҳам совқотиш ёки инфекцион касалликлардан келиб чиқавермайди. Кўпинча, (асосан, асаби тез қўзғалувчан кишиларда) аллергик ёки вазомотор тумов ҳам учраб туради; касаллик хуруж қилганда бемор тинмай акса уради, бурнидан суюқ шилимшиқ, кўзидан ёш оқади, бурун ва қовоқлари қилишади; тумовнинг бу шакли баъзан бир кунда бир неча марта хуруж қилади. Аллергик тумовнинг алоҳида бир тури – пичан тумови, асосан, бошоқли ўсимликлар гуллаган даврда учрайди.
Ўткир тумов тез-тез қайталаб турса, сурункали тумовга айланиб кетиши мумкин. Сурункали Т. бурун бўшлиғи шиллиқ пардасининг ўсиб, қалин тортиши (гипертрофия) ёки унинг юпқапашиб кетиши (атрофия)га олиб келиши мумкин, натижада нафас олиш қийинлашади. Шу боис Т. нинг сурункали шаклга ўтиб кетишига йўл қўймаслик зарур. Тумовнинг олдини олишда организмни чиниқтириш жуда муҳим.
[addtoany]