Уруғланиш, сингамия – эркаклик жинсий ҳужайра (уруғ ҳужайра, сперматозоид, спермий)нинг урғочи (тухум) ҳужайра билан қўшилиб, зигота ҳосил қилиши. Зиготадан янги организм ривожлана бошлайди.
Одам ва ҳайвонларда уруғланишдан олдин отланиш (уруғ ҳужайранинг урғочи ҳужайра жинсий йўлига тушиши) содир бўлади. Уруғланишда тухум ҳужайра фаоллашади, яъни тухум ва уруғ ҳужайра хромосомалари гаплоид тўплами қўшилиб, хромосомалар диплоид тўплами ҳосил бўлади. Кўпчлик ҳайвонларда уруғланиш билан бирга ривожланадиган организм жинси ҳам аниқланади. Ота ва она аллелларининг қўшилиши туфайли ирсий омилларнинг янги комбинацияси вужудга келади. Уруғланиш туфайли табиий танланиш ва тур эволюцияси учун материал бўладиган генетик хилма-хиллик келиб чиқади. Уруғланиш натижасида тухум ҳужайра фаоллашиб, бўлиниш жараёни (бластомеризация) бошланади.
Ҳайвонларда уруғланишнинг икки шакли маълум; моноспермияда тухум ҳужайрага фақат битта уруғ ҳужайра киргандан сўнг, бошқа уруғ ҳужайраларнинг кириши блокада қилинади. Блокада қилиниш механизми тухум ҳужайра сиртига ва унинг пўстига кортикал таначаларнинг суюқлик ажратиши, тухум плазмолеммасида рўй берадиган қандайдир ўзгаришлар билан юзага келиши мумкин. Моноспермия барча ташқи уруғланиш ва кўпчилик ички уруғланиш хусусиятига эга бўлган ҳайвонлар учун хос; полиспермияда тухум ҳужайрага бир неча (бир неча ўнта) сперматазид киради; бироқ бундай ҳолларда ҳам урғочи пронуклеус билан фақат битга уруғ ҳужайра қўшилади. Уруғланишнинг бу хили ички уругланадиган айрим гуруҳ ҳайвонлар учун хос бўлиб, эволюция давомида иккиламчи марта келиб чиққан. Уруғланишнинг ҳар хил шаклларида гаметаларнинг ўзаро яқинлашуви ва қўшилиши, асосан, бир хил кечади. Айрим ҳайвонлар тухум ҳужайраси пўстида сперматозоид кириши учун тешикча – микропиле бўлади. Кўпчилик ҳайвонлар тхумҳужайрасида микропиле бўлмайди. Сперматозоид тухум ҳужайрага акросома (сперматозоид ички қисмида жойлашган перфоратор аъзо) ёрдамида кириб олади. Сперматозоид тухум ҳужайрага якинлашганида акросомдан ажратадиган ферментлар ҳужайра дўстини юмшатади. Сперматозоид акросомаси ёки унинг бошчаси тухум дўсти орқали ўтади ва иккала гаметалар плазмолеммаси қўшилиб, ягона ҳужайра – зигота ҳосил бўлади.
Одам ва сут эмизувчиларнинг овуляцядан ўтган тухум ҳужайраси бир неча қават фолликуляр ҳужайралар билан ўралган. Акрсома ферменти гиалуронидаза фолликуляр ҳужайраларни боғлаб турадиган шилимшиқ моддани емириб, сперматозоидларга йўл очиб беради. Гаметалар плазмолемасининг қўшилиши тухум ҳужайранинг фаоллашувига олиб келади. Сперматозоид, одатда, тухум ҳужайра цитоплазмасига тўлиқ ўтади; баъзан унинг бош қисми ўтиб, ташқарида қолган хивчини тушиб кетади. Сперматозоид центросомаси атрофида пайдо бўлган нурлар «уруғ юлдузи» дейилади. Уруғ юлдузи иккига бўлинади ва биринчи бўлиниш (майдаланиш) бўлиниш дукининг шаклланишида иштирок этади. Сперматозоид ядроси уруғ юлдузи билан бирга тухум цитоплазмасида ҳаракатланиб, аста-секин пуфаксимон эркак пронуклеусга айланади; унинг хроматини ёзилади; ядро мембранаси майда пуфакчаларга парчаланади; пронуклеус мембранаси қайтадан шаклланади. Бундай ўзгаришлар тухум ҳужайранинг етилиб, урғочи пронуклеус шаклланиши билан бирга боради. Урғочи пронуклеус ҳам тузумнинг юза қисмидан унинг марказига кўнади. Тухум ҳужайрада иккала пронуклеус ҳужайра марказида (сариқлик цитоплазмада бир текис таркалганида) ёки ооплазманинг сариқлик кам бўлган қисмида бир-бирига дуч келиб, кўшилишади. Айрим ҳайвонларда иккала пронуклеус ўзаро қўшилиб (кариогамия), яхлит ядро синкарион ҳосил қилади. Лекин, одатда, улар тухум бўлиниши бошланиб, ҳужайра дўсти емирилгунча алоҳида туради. Пронуклеуслар қўшилиши билан ота ва она гаметаларнинг хромосомалари биринчи бўлиниш – майдаланиш дукига бирлашади. Ота-она генларининг бирлашуви билан уруғланиш жараёни киёмига етади.
[addtoany]