Вақтинча меҳнатга қобилиясизлик – ходимнинг соғлиғига кўра нисбатан қисқа муддат давомида ишни бажара олмаслиги. ЎзРда меҳнат қобилияти муттасил йўқолиб, беморнинг меҳнат фаолиятини умуман ёки узоқ муддатга тўхтатиш ёки меҳнат шароитларини жиддий равишда ўзгартиришга олиб келган тақдирда, ходимга Тиббий меҳнат экспертиза комиссияси томонидан ногиролик белгиланади. Ходимларнинг, шунингдек, меҳнат шартномаси асосида ишлаётган, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи, шу жумладан, кооператив (ширкат), фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган фуқароларнинг вақтинча меҳнатга кобилиятсизлигини экспертиза этиш тиббиёт муассасаларининг шифокорлари ёки тиббий маслаҳат комиссияси томонидан амалга оширилади. Вақтинча меҳнатга қобилиясизлик республика Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган касаллик варақаси билан, айрим қонунда кўрсатилган ҳолларда эса тиббий малумотномалар билан тасдиқланади.
Касаллик ёки меҳнатда майиб бўлиш оқибатида вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотган ёки протезлаш, яъни ясама аъзолар қўйиш учун протез ортопедия корхонанинг стационарига жойлаштирилган ходимлар давлат ижтимоий суғуртаси ҳисобидан нафақа билан таъминланади. Шунингдек, ходим санаторий-курортда даволаниш учун юборилган, оиланинг бемор аъзосини парвариш қилиш зарурати туфайли ўз меҳнат вазифаларини бажаришдан озод этилган ҳолларда, карантин вақтида ҳам вақтинча меҳнатга қобилиясизлик нафақаси тўпланади.
[addtoany]