Ветеринария-санитария экспертизаси

Ветеринария-санитария экспертизаси – 1) ҳайвонот маҳсулотларини санитария-гигиена жиҳатидан баҳолаш усулларини ўрганадиган фан. Ветеринария-санитария экспертизасининг асосий вазифаси – ҳайвонлардан олинадиган, озиқ-овқат (гўшт, сут, балиқ, тухум), озука-ем, хомашё (тери, жун, момиқ, патлар) маҳсулотлари орқали қўзғатувчилари одамларга юқадиган касалликларнинг олдини олишдан иборат. Мустақил фан тармоғи сифатида 20-а. да шаклланди. Ундан илгари гўштшунослик ва овқатланиш гигиенаси фанлари таркибида ўрганилар эди. В.-с. э. мустақил кафедралари эга бўлган ветеринария ин-тлари ва ветеринария ф-тларида ўқитилади, тиббиёт ин-тларида овқатланиш гигиенаси курсига киради. В.-с. э. бўйича илмий текшириш ишлари тегишли олий ўқув юртлари кафедрларида, илмий текшириш ин-тларининг махсус лаб. ларида олиб борилади.

2) Ҳайвонот маҳсулотларининг истеъмол талабларига жавоб беришини аниқлайдиган ветеринария мутахассисларининг амалий фаолияти соҳаси. Ветеринария-санитария экспертизасининг асосий вазифаси одамларни сифати бузилган чорвачилик маҳсулотлари орқали касалланишдан асраш, ҳайвонларни сўйишгача, сўйишда ва сўйишдан кейин маҳсулотларни қайта ишлашда санитария қоидаларига риоя қилиш, нимталанмаган гўшт ва бошқа(лар) аъзоларини текшириш, гўшт, сут, балиқ маҳсулотларининг истеъмолга яроклилигини аниқлаш ва бошқа(лар)дан иборат. Гўшт саноати корхоналарида, паррандачилик фабрикалари, совуқхона, база, омборлар, деҳқон бозорлари, лаб. ларда В.-с. э. ни ветеринария врачлари, ветеринария участкалари ва кушхоналарда ветеринария фельдшерлари ўтказади. В.-с. э. нинг тўғри ўтказилишини давлат ветеринария инспекциялари назорат қилади.

Экспертиза яроқсиз деб топган маҳсулотларни истеъмолга чиқариш мумкин эмас. Ўзбекистонда 246 В.-с. э. лабораторияси ишлайди.

[addtoany]