Хейлит

Хейлит [юн. cheilos – лаб] – лабларнинг яллиғланиши; бунда лабларнинг қизил ҳошияси, шиллиқ пардаси ва териси яллиғланади. Хейлитга лаб ёрилиши, куйиши, турли шикастлар, отобда, изғиринда узоқ туриб қолиш, паразит замбуруғлар ёки вируслар, шунингдек, меъда-ичак фаолиятининг бузилиши, юрак касалликлари, организмда витаминлар (хусусан, В гуруҳ витаминлар) етишмаслиги ёки аллергия (турли бўёқлар, лаб бўёғи) сабаб бўлади.

Ўткир ва сурункали кечади. Ўткир хейлитда лаб қизаради, шишади ва безиллаб туради; баъзан йиринглайди (қ. Абсцесс), ҳарорат кўтарилади, бош оғрийди. Сурункали хейлитда лаб пўст ташлайди, узоқ вақтгача битмайдиган ёриқлар, ярачалар пайдо бўлади, лаб бичилади, шишади ва катталашади. Касалликнинг илк белгилари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат этиш ва даволаниш лозим.

Хейлитнинг олдини олишда шикастланган лани риванол, калий перманганат (марганцовка) ёки фурацилин эритмасига ҳўлланган бинт, пахта билан тозалаб артиш; офтобда куйган ёки шамолда ёрилган бўлса, таркибида А витамини бўлган юмшатувчи суртма дорилар суртиш тавсия этилади.

Загрузка...