Ятроген касалликлар [юн. iatros – шифокор ва …gennan – яратиш, туғдириш], ятрогениялар, психогениялар – шифокор ёки бошқа тиббиёт ходимларининг эҳтиётсизлик билан айтган ноўрин гаплари, хати-ҳаракатларининг бемор психикасига таъсир этишидан келиб чиқадиган касалликлар. Аксари инжиқ, васвас, ўта таъсирчан ва асаби заифроқ кишиларда рўй беради. Баъзи ҳолларда бемор шифокор хулосасини (масалан, бирор орўлироқ мутахассис кўраётганда ёки рентгенда текширилаётганда) қаттиқ ташвишланиб қабул қилиши; ўзини соғлом деб юрган кишига врач кўраётганда бирор оғир, хавфли (масалан, гипертония касаллиги, ўсма) ёки кишини мулзам қиладиган (тери-таносил, гинекологик) касаллиги борлиги ҳақида тахмин айтилиши ҳам ятроген касалликларга сабаб бўлади. Одатда, бир хил касалликлар (масалан, сил касалликлари, ўсма касалликлари) даволанадиган касалхоналарда ётган баъзи бадгумон беморларда кузатиладиган даволаниш ва даво ишларига шубҳа билан караш, тушкунликка тушиш каби ҳолатлар касалликни оғирлаштиради.
Давоси: психотерапия.
[addtoany]