Яллиғланишга қарши дорилар

Яллиғланишга қарши дорилар – яллиғланиш жараёнини сусайтиришда қўлланиладиган дорилар; улар сиртга, оғиз орқали, ректал ва инъекцион қўллаш учун мўлжалланган бўлиб, деярли барча дори шакллари ҳолида ишлаб чиқарилади.

Яллиғланишга қарши дориларни қўллаш яллиғланиш жараёни қайси аъзода кузатилаётганлиги, унинг патогенези ва бошқа(лар)га боғлик.

Фармакологик фаол бирикмаларнинг турли гуруҳларига мансуб кўпгина дори воситалари яллиғланиши қарши таъсирга эга, улар яллиғланишнинг сабаблари, табиати ва таснфидан қатьи назар унга қарши таъсир кўрсатади.

Инфекция сабабли яллиғланишда антибиотиклар ва бошқа(лар) кимётерапевтик воситалар қўлланилади, улар микроорганизмларнинг ҳаёт фаолиятини сусайтиради ва микрофлора муҳитидаги яллиғланиш жараёнига нисбатан таъсир қилади. Алоҳида кимётерапевтик воситалар (масалан, сульфаниламидлар, тетрациклинлар ва бошқа(лар)) ҳам яллиғланиш жараёнларини бартараф этади, лекин уларнинг самараси кам.

Кимёвий тузилишига кўра яллиғланишга қарши дорилар стероид ва ностероид гуруҳларга бўлинади.

Буйрак усти безлари пўстлоғи гормонлари ва уларнинг синтетик ўриндошлари – глюккортикоидларнинг амалий аҳамияти катта бўлишига қарамай, улардан фойдаланганда баъзи нохуш ҳолатлар рўй беради. Шу боис уларни ўз билгича қабул қилиш ярамайди.

Яллиғланишга қарши стероид воситаларга резорбтив (гидрокортизон, преднизолон, десаметазон ва бошқа(лар)) ва маҳаллий таъсир қилувчи (флюоцинолон ацетонид, флюметазон пивапат, бетаметазон ва бошқа(лар)) глюкокортикоидлар кириб уларнинг таъсири иммунодепрессив таъсир билан биргаликда намоён бўлади; ностероид воситаларга карбон кислоталарнинг баъзи ҳосилалри (пиразолон, оксикам ва бошқа(лар)) киради.

Бир қатор огриқ қолдирувчи дорилар ҳам яллиғланишга қарши дорилар сифатида ишлатилади. Булар яллиғланишга қарши таъсири жиҳатидан глюкокортикоилардан кучсизроқ, қўшимча касалликларни ҳам нисбатан кам келтириб чиқаради. Шу туфайли оғриқ қолдирувчи дорилар бўғимлар, мушаклар ва ички аъзолар яллиғланишида кенг қўлланилади. Улар анальгетик ва иситма туширувчи таъсирга эга. Кўпгина доривор ўсимликлар (масалан, бўйимодарон, маврак ва бошқа(лар)) баъзи тери ва шиллиқ қаватлар касалликларида яллиғланишга қарши яхши наф беради. Меъда-ичак йўллари яллиғланганда (айниқса, болаларда) шилимшиқ ҳолидаги дори буюрилади. У бевосита яллиғланишга қарши таъсир этмай, фақат шиллиқ пардани ўраб олади ва уни ҳар хил таъсирлардан сақлайди.

Буриштирувчи дорилар ҳам яллиғланишга қарши кучсизроқ таъсир этади, улар, асосан, тери ва шиллиқ пардалар яллиғланганда ишлатилади. Буриштирувчи дорилар тўқиманинг оқсил моддалари билан биргаликда ҳимоя катлами ҳосил қилиб, шиллиқ пардаларни ва шикастланган сиртларни турли таъсиротладан сақлайди ва яллиғланиш жараёнининг авж олишига йўл қўймайди.

Асептик яллиғланишда (айниқса, аллергик ёки аутоаллергик тўқималар шикастланганда) яллиғланишга қарши стероид воситаларнинг иммунодепрессив таъсири алоҳида аҳамиятга эга.

Иммунодепрессантлар, асосан, иммунитет ҳужайра омилига сусайтирувчи таъсир кўрсатиб, цитостатик таъсир ҳисобига яллиғланишнинг пролифератив босқичини бартараф этади.

Яллиғланишга қарши дорилар келиб чиқиш сабаблари турлича бўлган яллиғланиш касалликларини даволашда қўлланилади. Улардан, кўпинча, рематизмга қарши восита сифатида фойдаланилади. Яллиғланишга қарши стероид воситалар миокардитлар, ўткир ва сурункали нефритлар, гепатитлар ва бошқа(лар) ички аъзоларнинг яллиғланиш касалликларини даволаш учун ишлатилади. Глюкокортикоидлар дерматология (масалан, экзема, дерматитлар, нейродермитлар ва бошқа(лар)да маҳаллий қўллаш учун), офтальмология (кератит, конъюнктивит, ирит, блефорит ва бошқа(лар)), оториноларингология (вазомотор ва аллергик ринитлар, ташқи эшитиш йўллари яллиғланиши) амалиётида қўлланилади.

[addtoany]