Заҳарловчи моддалар

Заҳарловчи моддалар – душманнинг аскарлари, ҳайвонлари, шунингдек, озиовқат, жанговар техника, кийим-кечакларини заҳарлаш учун ишлатиладиган кимёвий моддалар. Заҳарловчи моддалар ҳаво орқали бинолар, тураржойлар, пана жойларга тарқалиб, улардаги одамларга шикаст етказади. Заҳарловчи моддаларнинг шикастлантириш хусусияти ҳавода, тураржойларда ва турли нарсаларда узоқ вақт сақланади. Буғлари шамол орқали жуда катта ҳудудга тарқалади. Бундай моддалардан шикастланиш заҳарланган ҳаводан нафас олиш, у моддаларнинг кўз, тери ва кийими тегиши, заҳарланган овқат ёки сувни истеъмол қилиш ва бошқалар орқали рўй беради. Лекин бундай м. заҳарланиш зичлиги етарли бўлгандагина одамларга шикаст етказа олади. Заҳарловчи моддалар суюқ ҳолда жойларга сепилганда, уларнинг майдон бирлигига тўғри келадиган миқдори заҳарланиш зичлиги деб аталади ва ҳар квадрат метрга тўғри келадиган граммларда ифодаланади. Заҳарловчи моддалар киши организмига таъсир этиш хусусиятига кўра организмни умумий заҳарлайдиган, нерв тўкималарини фалажлайдиган, тери касалликлари пайдо қиладиган, бўғувчи, ёш соладиган, баданни яллиғлантирадиган ва бошқа(лар) турларга бўлинади. Нерв тўкималарини фалажловчи заҳарловчи моддаларга зарин, зоман, табун; тери касалликларини пайдо қиладиган моддаларга иприт, люизит; организмни умумий заҳарлайдиган моддаларга цианид кислота, хлорциан, фосфин; бўғувчи моддаларга фосген, дифосген ва бошқа(лар) киради. Бу бўлиниш, аслида, нисбийдир, чунки аксарият заҳарловчи моддалар кўп томонлама таъсир этиш хусусиятига эга. Халқаро ҳуқуқ 1925 й. даги Женева баённомаси билан урушларда бўғувчи, заҳарловчи газ ва бактериологик воситаларни қўллашни такиклади. Заҳарловчи моддалардан мудофаа қилиш учун дезактивация шароитларига амал қилиниши керак. Қўшин турларида шахсий таркиб учун қилинган пана жой, қазилма ўралар, қазилма йўллар дегазциялаштирилиши ва шахсий таркиб махсус кийимлар билан таъминланиши лозим.

[addtoany]