Заҳарланиш, интоксикация – заҳарли модда организмга оғиз, меъда-ичак, нафас йўллари орқали кирганда, теридан сўрилганда, тери остига, орасига, венага юборилганда рўй берадиган касаллик ҳолати. Организм фаолиятининг издан чиқиши билан кечади. Заҳарланишнинг юзага келиши ва кечиши заҳарловчи модданинг организмга қайси йўл билан кирганлигига, унинг миқдори (дозаси), физик-кимёвий ҳолати (газ, эритма, чанг ва ҳ. к.), шунингдек, организмнинг умумий аҳволи ва ташқи муҳит омилларига
Одамларда заҳарланишнинг ўткир ва сурункали хили фарқ килинади. Ўткир заҳарланиш тасодифий ва қасддан бўлиши мумкин, улар заҳарли модданинг организмга бир марта кучли таъсири туфайли юзага келиб, ҳаётий муҳим фаолияларнинг издан чиқиши билан кечади. Сурункали интоксикация заҳарли модданинг организмга узоқ вақт оз-оздан таъсир этиши оқибатида рўй беради; дорилардан бўладиган, шунингдек, касб-корга алоқадор заҳарланишлар кузатилади. Турмушда интоксикация кундалик ҳаётда учраб туради. Масалан, печка ёқиш ва газ плиталаридан фойдаланиш қоидаларига риоя килинмаганда ис ёки ёритиш газидан заҳарланиш; айниган овқат истеъмол қилинганда интоксикация (қ. Овқатдан заҳарланиш); алкоголдан, дезинсекция, дератизация ва бошқа мақсадлар учун ишлатиладиган химикатлардан заҳарланиш
Дорилардан заҳарланиш улар дозаланганда, янглиш ишлатилганда, нотўғри тайёрланганда келиб чиқади. Одамнинг нечоғли қаттиқ заҳарланиши шу дорига организмнинг қанчалик сезгирлигига ҳам боғлик (қ. Идиосинкразия).
Касбга алоқадор заҳарланиш баъзи корхоналарда хавфсизлик техникаси қоидалари бузилиб, қўрғошин, симоб, мис, маргимуш бирикмаларидан заҳарланганда рўй бериши мумкин.
Тасодифий ва қасддан (масалан, ўзини ёки бировни ўлдириш мақсадида) заҳарланиш ҳам ажратилади. Кучли таъсир этадиган моддалар ва дорилар нотўғри сакланганда, кўпинча, болалар заҳарланиб қолади. Шу боис заҳарли дорилар болалар бўйи етмайдиган жойда сақланиш керак. Кислота ва ишкорлардан заҳарланишда баданда қаттиқ оғриқ сезилади, лаб ва оғиз шиллиқ пардаси қўяди. Сув кетганда, тўш орқси ва ости оғрийди; одам қон аралаш қусади.
Овқатдан заҳарланишда киши қорнида оғриқ сезади, қусади, ичи кетади, боши оғрийди, боши айланади, дармони қурийди, қаттиқ заҳарланган бўлса, ҳушидан кетади, ўлиб қолиши ҳам мумкин.
Алкоголдан заҳарланишда мастлик, аввал қўзғалиш, юз кизариши, алкоголь ҳиди анқиб туриши, сўнгра алаҳлаш, юзнинг бўзариши, беҳушлик қайд қилинади. Наркотик ва ухлатувчи дорилар (морфий, барбитал, фенобарбитал ва ҳ. к.)дан заҳарланишда мудраш, бош айланиши, қулоқ шанғиллаши, қусиш, томир уришининг суст ва заиф бўлиши, тиришиш кузатилади.
Ис гази [карбон (Н)оксид] ва ёритиш газидан заҳарланиш шу газларнинг нафас йўллари орқали киришидан бўлади. Белгилари; бош оғрийди, қулоқ шанғиллайди, бош айланади, беморнинг дармони қурийди, ҳаллослайди; пульси сусаяди, кўнгли айнийди ва қусади; қаттиқ заҳарланганда типирчилайди, ҳушидан кетади, ўлиб қолиши ҳам мумкин. Заҳарланиш аломатлари хилма-хил бўлиб, у жигар, буйрак, қон, марказий ва периферик нерв тизимининг қай даража зарарланганига боғлиқ. Даво заҳарланишга сабаб бўлган заҳарли моддани иложи борича организмдан тезроқ чиқариш чораларини кўриш, заҳарли модданинг заҳарини кесувчи зиддзаҳарлардан фойдаланиш, заҳарланган аъзолар фаолиятини тиклашдан иборат.
Биринчи ёрдам: заҳарланишга гумон туғилганда дарҳол шифокор чақириш ёки беморни яқин орадаги касалхонага олиб бориш керак. Кислоталар (сирка эссенцияси, хлорид кислота ва ҳ. к.)дан заҳарланганда куйдирилган магнезия билан сув ёки сувнинг ўзини кўп ичириб, кстирилади. Бемор беҳуш ёки коллапс ҳолатида бўлса, кустириш ярамайди. Ишқорлар (новшдил спирти)дан заҳарланганда 3 % сирка (1 стакан сувга 1 чой қошиқ) қўшилган лимонли сув ичириб кустирилади. Сўнгра бир бўлак муз ютириб, совуқ қаймоқ ёки сутни чой кошиқлаб ичирилади, хом тухум, бир бўлак сариёғ ютирилади; тўш остига музли халта, қўл-оёқка грелка қўйилади. Овқатдан заҳарланганда меъда ювилгандан кейин қорин ва қўл-оёқка грелка қўйилади. Кўплаб иссиқ ичимлик, қуюқ кофе ичирилади. Алкоголдан заҳарланган кишига эҳтиёткорлик билан новшадил спирта ҳидлатлади, меъдасини ювгач, сурги берилади, сўнгра бир стакан сувга новшадил спиртидан 3-5 томчи қўшиб ичирилади. Бошига музли халта қўйилади. Кўп чой ёки қуюқ кофе ичирилади. Наркотик ва ухлатувчи дорилардан заҳарланганда меъдани ювгач, беморни бироз юргизиш, устидан совуқ сув куйиб, кейин иссиқ сувга тушириш, баданини иссиқ тутиш, ишқалаш, нафас тўхтаб қолганда сунъий нафас олдириш керак. Ис гази ва ёритиш газидан заҳарланганда соф ҳавога олиб чиқиб, новшадил спирти ҳидлатиш, сунъий нафас олдириш, баданини ишқалаш, аччиқ чой, қуюқ кофе ичириш керак.
[addtoany]