Адаптация [лот. adaptatio – мослашув] – 1) организмнинг турли яшаш шароитларига мослашиши; 2) сезги аъзоларининг ўзига таъсир этадиган қўзғатувчиларга мослашиши натижасида уларда сезгирлик даражасининг ўзгариши (масалан, кўзнинг ёруғлик ёки қоронғиликка мослашуви). Қўзгатувчининг таъсир кучи ўзгариши билан сезгирлик ҳам ўзгаради. Қўзғатучилар суст таъсир этганда сезгирлик ошади, кучли таъсир этганда эса камаяди. Адаптация ҳодисаси ҳамма ташқи сезгилар (кўриш, эшитиш, ҳид, таъм, бадан сезгиси)га хос. Тактил, ҳарорат, ҳид ва кўриш сезгиларида адаптация кучли, эшитиш ва оғриқ сезгиларида кучсиз. Ички сезгилар (масалан, ташналик, очлик)га нисбатан мосланиш ҳосил бўлмайди. Адаптация организмнинг меъёрий ҳаёт фаолиятини сақлаб туришини, атроф муҳитнинг турли омиллари: ҳарорат ва иқлимнинг ўзгаришига (қ. Иқлимга мослашиш), баландликка (қ. Баландлик касаллиги), кўпгина инфекцион агентларга (қ. Иммунитет)I мосланишини таъминлайди. Мослашиш реакцияси моддалар алмашинуви жадаллгининг узлуксиз ўзгариб туришига асосланган. Одам организмининг мослашув реакцияси тез (специфик) ва секин (носпецфик), туғма (тур эволюцияси жараёнида шаклланган) ёки орттирилган (ҳар бир организм учун ўзига хос) реакцияларга бўлинади. Масалан, оғритадиган омил таъсирига жавобан оёқ-қўни тортиб олиш, жисмоний иш қилганда нафас олишнинг кучайиши, қон оқими ва юрак фаолиятининг тезлашиши ҳамда қоннинг қайта тақсимланиши, қоронғида кўз ёруғлик сезиш лаёқатининг зўрайиши – буларнинг ҳаммаси туғма тез адаптация реакциялари ҳисобланади. Ҳар бир кишининг турли яшаш шароитларига мослашиш имконияти унинг ирсияти, ёши, соғлиғи ва бошқа(лар)га боғлик.
[addtoany]