Иммунитет

Иммунитет [лот. immunitas – бирон нарсадан халос, озод бўлиш, қутулиш] – тирик мавжудотларнинг ўз бутунлиги ва биологик ноёблигини бузувчи «ёт» омиллардан ҳимояланиши, қаршилик кўрсатиши, резистентлиги. «Ёт» омилларга бактерия ва уларнинг токсилари, вируслар, замбуруглар, содда жониворлар, гельминтлар, кўчириб ўтказилган аъзо ва тўқималар, организмнинг ўзгарган ўз ҳужайралари (масалан, ўсмасимон ҳужайралар) ва бошқа(лар) киради. Бу омиллар организм учун ирсий бегона бўлган кимёвий агентлар – антигенлар тутади.

Организмни инфекцион агентлар ва бошқа(лар) ёт моддалардан ҳимоя қилиш омиллари табиати бўйича учга бўлинади:

1. Филогенетик иммунитет – анатомик ва физиологик белгилар билан таъминланиб, насдан-наслга ўтадиган номахсус ҳимоя омиллари ёки организмнинг номахсус резистентлиги. Бу омиллар патоген агентлар билан биринчи бўлиб алоқа қилади,, шунинг учун уларнинг фаолияти ҳисобига одам организмининг кўпгина юқумли касаллик қўзғатувчиларга чидамлилик таъминланади.

2. Туғма иммунитет (турга хос, табиий) – бир биологик турнинг маълум бир патоген агентга нисбатан чидамлиги бўлиб, наслдан-наслга ўтади. Масалан, ит, қорамол, товукларнинг ўлат касаллиги қўзғатувчилари одамларга юқмайди, ўз навбатида, одамлардаги захм, қизамиқ, вирусли гепатит, ОИТС қўзғатувчилари ҳайвонларда касаллик қўзғатмайди. Турга хос иммунитет узоқ йиллар давомида эволюция натижасида макрорганизм билан патоген микроорганизмларнинг ўзаро муносабати оқибатида вужудга келган.

3. Орттирилган иммунитет – ҳаёт давомида организм иммун тизимининг ёт антигенлар билан таъсирлашуви ҳисобига юзага келадиган ҳимоя бўлиб, наслдан-наслга ўтмайди. Орттирилган иммунитет табиий ва сунъий бўлади. Табиий иммунитет, ўз навбатида, яна иккига бўлинади: 1) табиий фаол иммунитет – юқумли касалликдан соғайгандан сўнг юзага келади; 2) табиий суст – онадан болага йўлдош ва сут орқали ўтади. Сунъий иммунитет ҳам икки хил бўлади: 1) сунъий фаол, вакциналар билан эмлаганда ҳосил бўлади; 2) сунъий суст – зардоб, қон, иммуноглобулин ва плазмалар юборилгандан сўнг юзага келади. Орттирилган иммунитет микробга қарши (антибактериал иммунитет) ва унинг токсинларига қарши (антитоксик иммунитет) вужудга келади. Антибактериал иммунитет, ўз навбатида, стерил ва ностерил турларга бўлинади. Стерил иммунитетда касалликдан сўнг патоген микроб организмда сақланиб қолмайди (кўпгина юқумли касалликларга хос). Ностерил турида касаллик қўзғатувчиси организмда сақланиб қолиши мумкин (масалан, сил, ич терлама, шол, гепатит каби касалликларда), лекин одамда касаллик белгилари кузатилмайди, аммо иммунитет маълум бир сабабларга кўра сусайса, касаллик қайталанши (рецидив) мумкин.

Адаптив иммунитет бир организм лимфоид ҳужайраларини иккинчи организмга кўчириб ўтказилганда, уларнинг фаоллиги ҳисобига юзага келади. Масалан, оқ қон касаллигида ўзгарган қон ҳужайралари ўлдирилиб, донор соғлом одамдан кўмик кўчириб ўтказилади. Тўқима ва аъзоларни донордан реципиентга кўчириб ўтказишда ривожланадиган ҳимоя трансплантацион иммунитет деб аталади. Бу ҳимоя кўчириб ўтказилган тўқима ва аъзоларнинг битиб кетмаслигига ва уларнинг некрозга учрашига сабаб бўлади.

Муайян тўқима ва аъзода маълум бир омилга қарши ривожланган ҳимоя маҳаллий И. деб аталади. Бу ҳимоя сиртқи иммун тизим аъзоларининг фаоллиги ҳисобига юзага келади.

Организмда уни касаллик қўзғатувчи ҳар хил Микроорганизмлар ва бошқа «ёт» омиллардан ҳимоя қилувчи табиий воситалар мавжуд (организмнинг номахсус резистентлиги): тери ва шиллиқ қаватларнинг механик тўсиқлик вазифаси, лимфа тугунларидаги яллиғланиш, организм суюқликларининг (сўлак, кўз ёши, меъда-ичак, нафас ва сийдик-таносил йўлларининг шиллиқ моддалари, лимфа, қон зардоби таркибидаги лизоцим, интерферон, комплемент, пропердин каби омиллар) бактерицид ва нормал микрофлоранинг антагонистик таъсири, фагоцитоз қилувчи ҳужайралар ва табиий киллерлар фаоллиги, организмнинг физиологик реакциялари ва бошқа(лар) Номахсус чидамлилик қудратли ҳимоя омили бўлиб, макроорганизнинг ички муҳити барқарорлиги (гомеостази) ни доимий равишда таъминлаб туради. Организм лимфоид тўқималарининг «ўзиникини бегонадан» ажрата олиш қобилияти умуртқали организмларда иммун омиллар тизими сифатида шаклланган. Организмда, ирсий жиҳатдан бегона бўлган антигенларга қарши иммун жавоб қон-лимфоид аъзоларда (иммун тизим) махсус антителолар ва лимфоцитлар ёрдамида амалга оширилади.

[addtoany]