Бачадон тушиши – бачадон ва дилонинг ўз ўрнидан пастга силжиши билан кечадиган касаллик; бунда бачадон тўла (жинсий тешикдан чиқиб кетади) ёки қисман (жинсий тешикдан бачадон бўйин чиқади холос) тушиши мумкин. Кўпроқ ёши каттароқ аёлларда кузатилади.
Ички жинсий аъзоларни ўз ўрнида ушлаб турадиган чаноқ туби мушаклари фаолиятининг бузилиши, қорин ички босимининг ортиши, жинсий аъзоларнинг ривожланмай қолиши, туғруқ асоратлари, организм тўқималарининг бўшашиши ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Бачадон тушиши натижасида чанокдаги бошқа аъзолар; қовуқ, тўғри ичак девори ҳам силжийди. Бачадон тушганда белда оғриқ пайдо бўлади, кўп оқчил келади, юриш қийинлашади. Агар бачадон тўла тушган бўлса, бемор сийишга кийналади, чунки сийдик йўли бекилиб қолади, бунда кучли оғриқ, баъзан бачадоннинг яллиғланиш касалликлари ва бачадон бўйнида турли яра-чақалар ҳосил бўлиши кузатилади. Беморнинг аҳволига қараб даво тайинланади, зарурият бўлса операция қилинади. Ҳозирги вақтда операция янги – лапароскоп аппарати ёрдамида енгил ўтказилмоқда. Операция қилиш мумкин бўлмаса, бачадон ҳалкасидан фойдаланиш тавсия этилади, буни фақат врач (гинеколог) буюради. Бачадон тушишининг олдини олиш учун унинг илк аломатлари сезилганда дарҳол гинекологга кўрсатиш ва буюрганларини (жисмонан зўриқмаслик, даво физкультураси билан шуғулланиш, қорин девори бўшашган бўлса, бандаж тақиш ва бошқа(лар)) бекам-кўст бажариш лозим; бунда, энг муҳими, чилла даври тартибига қатъий риоя қилишдир.
[addtoany]