Бачадондан ташқари ҳомиладорлик – уруғланган тухум ҳужайранинг бачадондан ташқарида тараққий этиши. Уруғланган тухум ҳужайранинг пайвандланган жойига қараб, ҳомила бачадон найининг ўзида (Бачадондан ташқари ҳомиладорликнинг шу хили энг кўп учрайди), тухумдон ёки қорин бўшлиғида, шунингдек, бачадоннинг рдиментар шохида ривожланиши мумкин. Бачадон найларида яллигланишга хос ўзгаришлар (чандиқ ва бошқа(лар)) бўлиши оқибатида улар ўзининг асосий фаолияти, яъни уруғланган тухум ҳужайрани бачадон бўшлигига ўтказиш қобилиятини йўқотади (қ. Ҳомиладорлик), натижада уруғланган тухум ҳужайра шу жойнинг ўзида тараққий этади. Кўпинча, аёллар жинсий аъзолари касалликлари (полип, ўсма ва бошқа(лар)), инфантилизм (жинсий аъзоларнинг етилмай қолиши), бот-бот бола олдириш, болани узоқ вақт эмизиш ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Касалликнинг кечиши ва белгилари унинг хили, босқичи ҳамда ҳомиладорликнинг муддатига боғлик. Бачадондан ташқари ҳомиладорликнинг барча хилида ҳам киндан қонли чиқинди ажралади, баъзан қон кетиши, қорин пастида оғриқ, бўшашиш, бош айланиши, кўнгил айниши, ранг ўчиши кузатилади. Бачадондан ташқари ҳомиладорлик бачадон найида бўлса, ҳомиладорликнинг 4-6-ҳафтасида най ёрилади, бунда қорин пастида чидаб бўлмайдиган оғриқ бўлиб, ҳатто ҳушдан кетиш мумкин. Кўп қон кетиши туфайли қон босими пасаяди, томир тез, лекин билинар-билимас уради. Оғирроқ ҳолларда шок рўй бериши мумкин. Бачадондан ташқари ҳомиладорликга гумон қилинганда аёл дарҳол касалхонага ёткизилади ва жарроҳлик усули билан даволанади. Операциядан кейин маълум муддатгача яллиғланиш касалликларини ўз вақтида даволатиш, вакт-вакти билан мунтазам тиббий (асосан, акушер-гинеколог) кўрикдан ўтиб туриш бачадондан ташқари ҳомиладорликнинг олдини олишда жуда муҳим аҳамият касб этади.