Бактерицид моддалар

Бактерицид моддалар [бактериялар ва лот. caedo – ўлдираман] – бактериялар ва бошқа(лар) Микроорганизмларга таъсир кўрсатиб, уларни ўлдирадиган кимёвий моддалар. Замбуруғларни ўлдирадиган моддалар фунгицидлар, амёбаларни ўлдирадиган моддалар амёбацидлар деб аталади ва ҳ. к. Кимёвий табиати ҳар хил бирикмалар: фенол, сулема, спирт, формалин, водород пероксид, калий перманганат, хлорли оҳак, хлрамин; газлардан: сульфит ангидрид, этилен оксид, метин бромид ва бошқа(лар) моддалар, шунингдек, антибиотиклар бактерицид моддаларга киради. Одам ва ҳайвонлар қонида ҳосил бўладиган антителолар хам бактерицид таъсир кўрсатади. Батерияларнинг вегетатив шаклларини бактерицид моддалар тез ўлдиради. Бактерицид моддалардан баъзилари микроб ҳужайрасининг оксидини денатуратлайди, баъзилари эса муайян фермент системаларига зарар етказади ва ҳ. к. Оқсиллар (йиринг, зардоб, сут ва бошқалар) иштирокида бактерицид моддалар таъсири камаяди. Бу моддалар тиббиёт амалиётида антисептик ва дезинфецияловчи модда сифатида, шунингдек, юқумли касалликларни кимёвий усуллар билан даволаш ва олдини олиш учун ишлатилади.

[addtoany]