Сўзак, гонорея, триппер – гонококклар қўзғатадиган юқумли венерик касаллик. Кўпинча, тасодифий жинсий алоқа қилиш оқибатида келиб чиқади. Касаллик, асосан, жинсий йўл билан юкканлиги учун аксарият сийдик чиқариш канали ва жинсий аъзолар зарарланади. Инфекция манбаи сўзак билан оғриган эркак ёки аёл. Жинсий алоқада гонококклар жинсий аъзолар ва сийдик чиқариш каналининг шиллиқ каватига тушиб, уни яллиғлантиради. Баъзан касаллик бемор ишлатган буюмлар (сочиқ, мочалка, кўрпа-тўшак, кийим-кечак ва бошқа(лар))дан фойдаланганда ҳам юқиши мумкин. Чунончи қизларга касаллик бемор онадан ўтади; бунга жинсий аъзолардан ташқари, кўз (қ. Бленнорея) ва оғиз шиллиқ пардаларининг сўзак оқибатида яллиғланиши сабаб бўлиши мумкин.
Касаллик аломатлари, одатда, сўзак юққандан сўнг орадан 3-5 кун ўтгач пайдо бўлади. Сўзак билан касалланган эркакларда сийдик чиқариш каналининг олдинги қисми яллиғланади, ачишади, қизийди ва оғрийди, сийганда оғриқ зўраяди; сийдик чиқариш каналининг ташқи тешиги қизариб, шишади; торайиб қолади, йиринг ажралади, сийдик равон келмайди, кечалари оғриқли эрекция кузатилади. Беморнинг аҳволи айтарли ўзгармайди, баъзан иштаҳа пасайиши, дармонсизлик, бироз ҳарорат кўтарилиши мумкин. Ташқи (баланопостит) ва ички (простатит, эпидидимит, оофорит, эндомтрит) жинсий аъзолар, қовуқ (цистит), бўғимлар (артрит) ва бошқа(лар) яллиғланиши мумкин. Сўзак ўз вақтида даволанмаса, бошқа аъзоларга тарқалиши, йиллаб чўзилиши ва, ниҳоят, сурункали тус олиши мумкин. Жинсий алоқа, аччиқ, шўр овқатлар ёйиш, спиртли ичимликларга ружу қилиш оқибатида касаллик бот-бот қўзиб туради. Сўзакнинг кўп учрайдиган асоратларидан простатит ва уруғ пуфакларининг яллиғланиши эркакни жинсий ҳаётга яроқсиз қилиб қўйиши, шунингдек, бепуштликка сабаб бўлиши мумкин. Бемор узоқ вақт даволаниши лозим, баъзан сийдик чиқариш канали торайганда операция қилинади.
Сўзак билан оғриган аёлларда касалликнинг ўткир даври эркаклардагига қараганда сезиларсиз ўтиши, бемор касалланганини узоқ вақтгача билмаслиги мумкин. Яллиғланиш жараёни, кўпинча, сийдик-таносил тизимининг пастки ва юқори қисмида кузатилади.
Сўзак юқумли бўлгани учун касаллик белгилари пайдо бўлиши биланоқ венеролог шифокорга мурожаат этиш керак. Бемор тери ва венерик касалликлар диспансерида даволанади. Баъзан даво пайтида сийдик каналида оғриқ, ачишиш, йиринг камаяди. Бемор ўзини соғлом ҳис қилади ва жинсий алоқа қилаверади, лекин организмда ҳали гонококклар бўлиши мумкин. Тўлиқ даволанмай жинсий алоқа қиладиган беморлар атрофдагилар учун жуда хавфли бўлиб, касалликни бошқаларга юқтиради ва турли нохуш оқибатларга сабаб бўлади. Шу боис соғаган беморлар бир неча марта лаб. текширувдан ўтказилиб, касаллик аломати топилмагач соғлом ҳисобланади. Сўзак билан оғриган кишиларда иммунитет пайдо бўлмайди, бир киши сўзак билан бир неча марта оғриши мумкин (реинфеция). Ўз вақтида даво қилинса, бемор бутунлай соғайиб кетади.
Сўзакнинг олдини олишда тасодифий жинсий алоқадан сақланиш, шахсий гигиенага риоя қилиш, аҳоли ўртасида тери-таносил касалликларига оид суҳбатлар ўтказиш ҳамда тарбиявий ишлар олиб бориш зарур.
[addtoany]