Бармоқлар

Бармоқлар – Одамда қўл-оёқ кафтларининг уч қисми; бармоқлар бешта бўлиб, ҳар бир бермоқда учтадан (бош бермоқда иккита) найсимон майда суяклар – фалангалар бор. Бармоқлар ўзаро бўғимлар, мушаклар орқали бир-бири билан эркин ҳаракат қила оладиган тарзда бирлашган. Одам қўл бармоқларини букиб асбобларни ушлаш, меҳнат қобилиятини ошириш имкониятига эга. Шу боис тарихий ривожланишда бош бармоқ қолган бармоқларга нисбатан кўндаланг жойлашиб, бирор нарсани ушлашга мослашган. Оёқ бармоқлари букилиб-ёзилиб одамнинг юришига, тик турганда мувозанатни сақлашга мослашган. Улардаги мушаклар майда қон томир ва нервларга бой, шу туфайли турли нозик ҳаракатларни (мусиқа асбобини чалиш, ёзиш, расм чизиш ва ҳ. к.) бажаришга имкон беради. Она қорнида ҳомиланинг нотўғри ривожланиши натижасида бамоқсизлик (адактилия), бармоқлар сонининг кам (олгодактилия) ёки кўп (полидактилия) бўлиши учраб туради. Ҳайвонларда Б. нинг тузилиши ва шакли уларнинг ҳаёт шароитига, бажарадиган вазифаси (ковлаш, учиш, сузиш)га қараб турлича бўлади. Қушларда олдинги оёқ қанога айланиб, уч бармоқ рудименти қолган, орқа оёғида 4 та бармоқ бор. Туёқли ҳайвонларда эса Б. туёқдан иборат ва ҳ. к.

[addtoany]