Оёқ – таянч ва ҳаракат аъзоси. Ҳайвонларда оёқнинг вужудга келиши ва тузилиши турлича бўлса ҳам, бажарадиган вазифаси ўхшаш. Кўп тукли ҳалкали чувалчангларни жуда содда тузилган жуфт оёғи мушакли, калта, лекин серҳаракатдир.
Хордали ҳайвонлар оёғи тоқ ва жуфт бўлади. Қуруқликда яшайдиган барча умуртқали ҳайвонларда тоқ оёқ бўлмайди, бироқ улар сувда яшашга ўтса, тоқ оёқ (сузгич қанотлар) қайта вужудга келиши мумкин (масалан, ихтиозаврлар, китларда). Тоқ оёқ туфайли ҳайвон сувда мувозанатини сақлайди, олдинга ҳаракат қилади ва, асосан, ўзини-ўзи бошқаради. Жуфт оёқ дастлаб балиқларда пайдо бўлган, у сувга шўнғиш ёки кўтарилишни бошқаради ва мувозанатни сақлайди.
Ҳар бир оёқ мушаклар ёрдамида ҳаракаланувчи ва бир-бири билан туташган тоғайли ёки суякли скелетдан иборат. Қуруқликда яшайдиган умуртқали ҳайвонларнинг оёқлари 3 бўлимдан ташкил топган; оёқ камари билан туташувчи елка (олдинда) ёки сон (орқада), билак (олдинда) ёки болдир (орқада) ва панжа (олдинда) ёки пай (орқада).
Эволюция жараёнида жуфт оёқ кўп ўзгаришларга учраган. Учар калтакесаклар, қушлар ва кўршапалакларда учишнинг тараққий этиши туфайли олдинги О. қанотга, денгиз калтакесаклари, китсимонлар, куракоёқли сут эмизувчиларники куракка айланган ва ҳ. к. Баъзан ҳайвонларнинг олдинги оёқлари ковлашга (кротда), айримлариники ушлашга (маймуларда) мослашган. Функционал аҳамияти камайиши сабабли айрим ҳолларда жуфт О. йўқ бўлиб кетган (масалан, илонбалиқларнинг қорин сузгич қаноти, китсимонлар ва сиреналарнинг орқа оёқлари, оёқсиз амфибиялар ҳамда барча илонларнинг иккала жуфт оёқлари ва ҳ. к.).
Одамда О. суяклари ва мушаклари танвин кўтариб туришга ва турли ҳамда мураккаб ҳаракатларни бажаришга мослашган. Шу боис оёқ рельефининг қўлга нисбатан ўзига хос бўлишида оёқ суяклари, мушаклари аҳамиятга эга. Оёқ думба, сон, болдир ва оёқ кафтидан иборат. Думба соҳасининг ҳажми катта, бўртган. Сон ҳажми ўртасидан торайиб борган. Тизза қисми олдинга бўртган, орқа соҳасида тизза ости чуқурчаси жойлашган. Болдир соҳасининг орқа қисми мушак ҳисобига бўртиб, пастга томон аста камайиб боради. Оёқ кафти кўндаланг жойлашган, пастки юзаси ёй шаклида бўлгани учун ҳаракат осонлашади.
Оёқ рельефи ёш, жинс ва одам коматига қараб турлича бўлади.
Оёқ панжаси кафт олди, кафт ва бамоқлардан ташкил топган. Жуда кўп пишиқ бойламлар ва кўплаб мушаклар пайлари билан яхлитлашган кафт олди суяклари юқорида бўртиб чиққан гумбаз ҳосил қилади. Оёқ панжаси бойламлари ва мушагининг заифлашиши панжанинг яссиланишига сабаб бўлади.
[addtoany]