Баротерапия

Баротерапия [баро… ва терапия] — даволаш мақсадида юқори ёки паст (одатдагига нисбатан) ҳаво босимидан фойдаланиш. Умумий баротерапия барокамерада ўтказилиб, унга бир ёки бир неча бемор жойлаштирилади ва унда кислород, ҳаво ёки бошқа кислороди бор газли аралашманинг оширилган ёки пасайтирилган босими вужудга келтирилади. Нафас етишмовчилиги, юрак-томир касалликлари, гангрена, шок, кўп қон йўқотиш, шунингдек, мияга қон қўйилиши ёки унинг томирларида ҳаво пуфачаларининг туриб қолиши, ис газидан заҳарланиш ва бошқа(лар) ҳолатларда бу усулдан фойдаланилади. Ҳаво босими оширилган умумий баротерапия ғаввослада кессон касаллигини даволашда қўлланилади. Ҳаво босими пасайтирилган баротерапия кўкйўтал, бронхиал астма ва ташқи нафаснинг қийинлашуви билан кечадиган касалликларда қўлланилади. Гипертония, Юракнинг ишемик касаллиги ва ҳазм йўлларидаги айрим касалликларнинг бошланғич шаклларини даволашда биатродаги умумий баротерапия қўлланилади. Тўқималарнинг кислородга тўйинишини ошириш инфекция қўзғатувчисига ҳалокатли таъсир кўрсатади, чунки у кислородсиз шароитда яхши кўпаяди. Бундай давони қўллаш анаэроб инфекциядан ўлишни анча камайтиради ва, кўпинча, зарарланган соҳани сақлаб қолиш имконини беради. Кўпгина даволаш муассасаларида баротерапия кенг қўлланилади, бунинг учун улар махсус барокамералар билан жиҳозланган. Даво мақсадида Б. дан фойдаланиш мумкинлигини шифокор белгилайди. Асосан, даволаш муассасаларида етарли тайёргарликдан ўтган мутахассис шифокорлагина бу усул билан шуғулланади.

[addtoany]