Без, безлар [glandulae] – 1) организмнинг нормал ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган ва ўзига хос махсус ширалар (секрет) ишлаб чиқарадиган ҳужайралар ёки кўп ҳужайрали аъзолар. Без ишлаб чиқарадиган моддаларнинг физиологик аҳамиятидан қатьи назар, ҳужайралардан чиқадиган ҳамма моддалар «секрет» деб юритилади. Кўпгина безларда (масалан, сўлак, тер бези, жигар, меъда) алоҳида чиқарув йўли бўлиб, ишлаб чиқарадиган секретини шу йўл орқали тана юзасига ёки бирор аъзо бўшлигига ажратади. Шу боис ташқи секреция безлари, яъни экзокрин безлар деб аталади. Баъзи безларда чиқарув йўли бўлмайди ва улар ишлаб чиқарадиган секрет бевосита тўқима суюқлиги, қон ёки лимфага қўшилиб кетади. Бундай безлар эндокрин, яъни ички секреция бези деб аталиб, уларга гипофиз, буйрак усти, қалқонсимон безлар киради. Аралаш без (масалан, меъда ости, жинсий ва бошқалар) ҳам бўлиб, улар секртининг бир қисмини махсус най орқали бирор бўшлиққа, қолганини эса бевосита қонга ажратади. Бу ҳужайралар ишлаб чиқарадиган, бошқа аъзоларга ва организм фаолиятларига таъсир этадиган моддалар инкретлар (ёки гормонлар) деб аталади. Экзокрин без бир ва кўп ҳужайрали бўлади. Бир ҳужайралиларга ичак ва нафас йўлининг шиллиқ пардасидаги эпителий ичида жойлашган кадоқсимон ҳужайрали, кўп ҳужайралиларга эпителийдан ташқарида жойлашган сўлак, меъда-ичак шиллиқ пардасидаги безлар ва бошқалар киради. Бир ҳужайрали без секретни эпителий юзасига чиқариб, уни механик ва кимёвий шикастдан сақлайди. Улар ишлаб чиқарадиган моддаларининг кимёвий табиатига қараб сероз (ёки оқсилли) ва шилимшиқ (ёки шиллиқ) безларга бўлинади. Сероз без сувда осон эрийдиган оқсил – секрет чиқаради, шилимшиқдан эса муцин ва мукоид моддалар чиқади. Баъзи бездан ҳам оқсил, ҳам шилимшиқ секрет чиқади (аралаш деб аталади), масалан, қулоқ олдидаги ва жағ остидаги сўлак безлари. Баъзи без (сут, йирик тер, ёғ ва ҳ. к.) ёғли липид ва стероидли секрет ишлаб чиқаради, бу безлар секрети сувда эримайди, ҳужайралардан томчи ёки дурда шаклида ажралиб чиқади. Буйрак усти без ларининг пўстлоқ қаватидан ва жинсий безлардан ишланиб чиқадиган гормонлар ҳам стероидларга киради. Секретнинг қандай ҳосил бўлиши ва эпителий ҳужайраларидан ташқарига чиқарилиш хусусиятига қараб безлар мерокрин, апокрин ва голокрин турларга бўлинади. Эндокрин без муҳим аъзолар бўлиб, уларда ишланган инкрет (гормон) организмнинг ўсиши, вояга етиши ва моддалар алмашинуви жараёнларини идора этади. Без фаолияти нерв тизими ҳамда гуморал омиллар томонидан бошқарилади; 2) яллиғланиб катталашган лимфа тугунларининг халқ ўртасида тарқалган янглиш номи (қ. Лимфа тизими).
[addtoany]