Буқоқ – қалқонсимон безнинг катталашуви. Касаллик шу без фаолияти ўзгармасдан (этиреоз), фаолияти сусайиши (гипотироз) ёки кучайиши (тиреотоксикоз) билан кечади. Буқоқнинг бир неча шакли бор. Эндемик буқоқ атроф муҳитда (сув, тупроқ, ҳавода) йод оз бўлган муайян географик чегараланган ҳудудларда (жумладан, Ўзбекистонда) учрайди. Истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳслотларида йод етишмаслиги касалликнинг асосий сабаби ҳисобланади. Соғлом одамга бир кеча-кундузда 100-200 микрограмм йод керак, шу миқдор камайса, қалқонсимон без гармонлари (тироксин, трийодтиронин)нинг ҳосил бўлиши камаяди. Оқибатда, қалқонсимон безнинг катталашиши кузатилади, болаларда бўй ўсмай қолади, руҳияти ўзгаради, ақли ожиз бўлади (кретинизм), баъзан касаллик шиш ҳосил бўлиши билан кечади (қ. Микседема).
Спорадик (онда-сонда учрайдиган) буқоқ – буқоқ эндемияси бўлмаган жойларда ривожланади, касаллик кенг тарқалмайди. Дифуз токсик буқоқ (Базедов касаллиги) – бунда қалқонсимон без катталашуви билан бирга фаолияти кучаяди. Диффуз токсик буқоқни 1840 й. да немис шифокори Карл Базедов таърифлаб бергани учун Базедов касаллиги деб аталади. Келиб чиқишида ирсий мойиллик, иммун тизимдаги ўзгаришлар, руҳий изтироб муҳим ўрин тутади. Қалқонсимон без фаолияти кучайиши натижасида мушаклар заифлашиб, бемор серзарда, йиғлоқи бўлиб қолади, озиб кетади, кўзи чақчаяди (экзофтальм, офтальмпатия), кўп терлайди, оёқ-қўли, баъзан бутун танаси титрайди, юраги тез уради (тахикад и я), уйқуси бузилади, бироз иситма чиқади, тез толиқади ва ишга яроқсиз бўлиб қолади. Касаллик оғир кечганида тиреотоксик кризга олиб бориши мумкин. Бунда асосий тизим ва аъзолар фаолияти издан чиқади, тиреотоксик кома юз беради. Кўп тугунли токсик буқоқ кўпинча, бир неча йил давомида кўп тугунли эутиреоид буқоқ билан оғриб келаётган 50-60 яшар аёлларда учрайди. Касаллик белгилари диффуз токсик буқоқга ўхшаш, аммо бунда офтальмопатия ва претибиал микседема кузатилмайди.
Касалликни мутахассис шифокор даволайди, турли гормонал дорилар буюрилади. Баъзан жарроҳлик йўли билан даволанади. Токсик Б. ни даволашда радиоактив йод ҳам қўлланилади.
Буқоқнинг оммавий олдини олиш учун йодланган ош тузи ишлатилади. Буқоқ бўйича хавфли гуруҳларга (боғча ва мактаб ёшидаги болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар) таркибида йод тутувчи (антиструмин, йодид – 100, 200) дорилар берилади. Умумий соғломлаштириш тадбирлари (бекаму кўст овқатланиш, санитария-гигиена шароитларини яхшилаш ва бошқа(лар)) амалга оширилади.
[addtoany]