Бурун қонаши

Бурун қонаши – бурун бўшлиғидан қон келиши. Буруннинг лат ейиши ёки шиллиқ пардасининг зарарланиши (тирналиши, шилинши, бурунни ковлаш), организмнинг умумий, асосан, юқумли касалликлари (масалан, грипп) бурун қонашига сабаб бўлади. Юрак, буйрак, жигар, қон яратувчи аъзолар касалланганда, қон босими ошганда ҳам бурун қонайди. Баъзан атмосфера босими, ҳаво ҳарорати ва намлиги ўзгарганда, шиллиқ пардага мунтазам кимёвий моддалар таъсир этганда, шунингдек, жазирама иссиқ кунларда ҳам бурун қонаши кузатилади. Бурун қонганда қон ташқарига чиқмай, баъзан ҳалқумга қараб оқиши ва бурни конаётган киши уни билмай ютиб юбориши ҳам мумкин. Бунда бирдан қон қусиш бурун қонаётганининг аниқ белгиси ҳисобланади. Баъзан қизилўнгач ёки меъдадан келаётган қон ҳам бурундан қон кетишига сабаб бўлади. Бурун қонаганда бошни баланд қилиб ётқизиш, бурун катагига водород пероксид шимдирилган пахта ёки дока тиқин қўйиш, иложи борича қонни тўхтатиш чорасини кўриш лозим. Муздек сувга латта қўллаб қаншарга босиш, тўхтайвермаса, энсага муз солинган халта қўйиш, булар ёрдам бермаса шифокор чақириш керак. Бот-бот бурун қонаши бирор касаллик аломати бўлиши мумкин, бундай ҳолларда, албатта, тиббий текширувдан ўтиш зарур.

Загрузка...