Буйрак етишмовчилиги

Буйрак етишмовчилиги – буйрак фаолиятининг пасайиши синдроми. Тўсатдан (ўткир) ёки секин-аста (сурункали) рўй беради. Кўп қон йўқотиш, механик шикастланиш туфайли қон босимининг пасайиб кетиши ёки беморнинг қон гуруҳига мос келмайдиган қон куйиш, ток уриши, Септик аборт ва бошқа(лар); дорилар ва бошқа(лар) металл тузларидан заҳарланиш оқибатида буйрак паренхимасининг шикастланиши; сийдик йўлининг ўсма ёки буйрак тошлари билан бекилиб қолиши, шикастланиш туфайли иккала буйрак зарарланиши ўткир буйрак етишмовчилигига сабаб бўлиши мумкин. Ўткир буйрак етишмовчилигида буйрак фаолияти, хусусан, азот, сув-туз ва бошқа(лар) моддалар алмашинуви издан чиқади, бунда сийдик кам ажралади, оғир ҳолларда бутунлай ажралмай қолади (анурия, уремия). Қоида сийдикчил (мочевина) миқдори кўпаяди, организмнинг сийдикдан заҳарланиши кузатилади; тери ости, қорин ва кўкрак қафасида суюқлик тўпланади («сувдан семириш»). Сурункали буйрак етишмовчилиги, асосан, буйрак ва сийдик йўлининг узоқ давом этадиган касалликлари (гломерулонефрит, пиелонефрит, сил, буйрак тош касаллиги ва бошқа(лар)) оқибати бўлиб, буйрак тўқимасининг бужмайиши (нефросклроз) ёки халтасимон кенгайиши (гидронефроз) билан давом этади. Ташналик, оғиз қуриши, тери курукшаб қичишиши, қусиш, камқонлик; нафас аъзолари, юрак-томирлар ва меъда-ичак фаолиятининг бузилиши аломатлари кузатилади. Сийдикнинг нисбий зичлиги камайиб, миқдори эса ортади.

Давоси: ўткир буйрак етишмовчилигида бемор касалхонада даволанади («сунъий буйрак» аппарати билан қон тозаланади, кислота-ишкор, сув-туз алмашинуви ростланади); сурункали шаклида парҳез ва дори-дармонлар қўлланилади, гемодиализ ўтказилади. Кечиктирилган ҳолларда буйрак кўчириб ўтказилади (қ. Трансплантация).

[addtoany]